Ссылки доступа

Бир оилада уч ўлим ва уч мажруҳликка сабаб бўлган Сурум портлаши бўйича суд бошланди (видео)


Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ тумани судида "Сурум фожиаси" номини олган воқеа юзасидан маҳкама бошланди.

Бир оилада уч ўлим ва уч мажруҳликка сабаб бўлган Сурум портлаши бўйича суд бошланди

Тергов ҳужжатларига кўра, 2019 йил 11 ноябрь куни Ҳулкар Пирназарова исмли аёлнинг хонадонидан эллик метр наридаги газ қуйиш шохобчасига ер остидан тортилган полиэтилен қувур тешилиб, ундан сизиб чиққан газ ер ости бўйлаб хонадонга тарқалган. Бундан бехабар Пирназарова ошхонада чой дамлаш учун гугурт ёққанида газ чақнаб, портлаш рўй берган.

Портлаш оқибатида Пирназарованинг турмуш ўртоғи ва қайнонаси ҳалок бўлган, тўққиз яшар ўғли эса фожиадан эллик кун ўтиб, олган куйиш жароҳати оқибатида касалхонада оламдан ўтган.

Қуйичирчиқ тумани маҳкамасида қатнашаётган жабрланувчи Ҳулкар Пирназарованинг акаси Зафар Эргашев давлат идоралари масъул ходимлари, қурувчиларнинг ўз ишига лоқайдлиги оқибатида уч қариндошидан айрилгани, синглиси ва икки жияни "тирик мурда" бўлиб қолганини айтди.

- Синглим Тошкентда 16 шаҳар касалхонасида ётибди. Юролмайди. Жиянларим ҳам касалхонада. Таналарининг 75 фоизи куйиб, тирик мурда бўлиб қолган. Ўз ишига лоқайд давлат ходимлари дастидан синглим ва жиянларим бир умр мажруҳ бўлиб қолди. Мен уларга максимум жазо тайинлашларини суддан сўрайман.

Қуйичирчиқда газ портлаши оқибатида бир оиланинг уч аъзоси нобуд бўлган, икки бола ва уларнинг онаси куйиш жароҳати олганди.

Қуйичирчиқдаги маҳкамани кузатаётган "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташановга кўра, суд залига айбланувчи сифатида олиб келинганлар туман ИИБсининг икки нафар участка нозири ва "Ўзтрансгаз" АЖ нинг тўрт нафар ходимидир.

Уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки йилгача бўлган қамоқ кўзда тутилган 207-моддаси - Мансабга савуққонлик билан қараш бўйича иш очилган.

- Айбланувчилардан икки нафари участка нозирлари. Улар ҳибсда, суд залида темир панжара ортида ўтиришди. "Ўзтрансгаз" АЖ нинг тўрт нафар ходими очиқда. Участка нозирлари фожиадан уч кун аввал қувурдаги носозлик ҳақида маълумот келиб тушганига қарамай¸ бориб ҳолатни ўрганмаган дейиляпти. "Ўзтрансгаз"нинг тўрт нафар ходими эса шу қувур қурилишига бевосита масъул бўлган муҳандислар, - дейди Ташанов.

Ташанов "Сурум фожиаси" бўйича кўплаб давлат ташкилотлари ва хусусий ширкатлар айбловдан четда қолганини қўшимча қилади.

- Газ қуйиш шохобчасини вакиллари кўринмади судда. Ўзи эксплуатация қиладиган заправка қувурини шу ширкат назорат қилиб туриши керак эди. Қолаверса¸ газ қуйиш шохобчасига ер остидан полиэтилен газ қувурларини ўтказиш ишларини олиб боришда қатнашган қурилиш ширкатларининг вакиллари ҳам судда кўринмади. Тергов хулосасида қувур ётқизишда хавфсизлик қоидалари бузилгани аниқланган, шуни қурганлар ҳам айбловдан четда қолмоқда, - дейди Ташанов.

Сурум фожиаси бўйича суд 15 июнь куни давом этади. Унда айбланувчи томон кўрсатмаларининг тингланиши кутиляпти.

XS
SM
MD
LG