Ссылки доступа

Туркманистонда айрим қишлоқлар сув остида қолди (видео)


Азатлиқ радиосининг Мари ва Лебапдаги мухбирлари иққита вилоят чегарасидаги қишлоқларда юз берган сув тошқинлари ҳақида хабар берди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда қишлоқлардан бири сув остида қолгани акс этган видео пайдо бўлган эди.

Мари вилоятидаги Азатлиқ мухбирининг хабар қилишича, 12 июн куни Қорақум каналининг соҳилларидан биридан сув сизиб чиқди, бунинг оқибатида яқин атрофдаги қишлоқларга жиддий зарар етди.

«Сув тошқинлари оқибатида Ничка қишлоғида 50-60 та уй сув остида қолди. Қишлоқ кўчаларида қайиқда сузиш мумкин эди», дея ҳикоя қилади мухбир.

Унинг айтишича, сув остида қолган қишлоқ Мари вилояти Туркманқали туманидаги “Заҳмет” деҳқон (Дайхан) хўжалиги таркибига киради. Аҳоли пункти Марини Лебап вилояти билан боғловчи йўл яқинида жойлашган.

12 июн куни ижтимоий тармоқларда сув тошқинлари хонадонларда яшовчи аҳолига катта зиён етказгани акс этган видео пайдо бўлди. Видеода қишлоқ аҳолисининг гап-сўзлари ҳам эшитилмоқда. Видеода сув тошқини Гараметнияз ва Ничка қишлоқларида юз бергани қайд қилинади.

Сув тошқинларидан азият чеккан аҳоли давлатдан ҳозирча кўмак олмади.

«Сувларни уй ва кўчалардан чиқариб ташлаш учун махсус техника керак, аммо техника ҳамон йўқ. Аҳоли тепаликка чиқиб олиб уйлари кўз ўнгида вайрон бўлаётганини кўрмоқда», - дейди мухбир.

Лебап вилоятидаги мухбир ҳам Керкин туманидаги бир нечта қишлоқ сув остида қолгани, аҳоли пунктлари ва экин майдонларига зарар етгани борасида хабар берди.

Дарё яқинидаги уйларга ва экин майдонларга жиддий зарар етди, дея хабар беради мухбир.

Туркманистон давлат ОАВ табиий офат ҳақида хабар бермади.

XS
SM
MD
LG