Расман билдирилишича, Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ва унинг россиялик ҳамкасби Сергей Лавров 14 июнда ўтказилган телефон суҳбатидан сўнг музокараларни бошқа кунга қолдиришга қарор қилган.
“Ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари айни пайтда мулоқотлар ва музокараларни давом эттираверадилар. Вазирлар даражасидаги учрашув эса бошқа кунга кўчирилди”, - дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Сергей Лавров ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу музокаралар учун Истанбулга келишлари кутилаётганди.
Туркия Ливияда БМТ тан олган ва Триполида жойлашган ҳукуматни, Россия, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари эса мамлакат жанубидаги исёнчи генерал Халиф Хафтарни қўллаб-қувватламоқда.
Туркия Сурияда президент Башар Ассадга қарши кучларни, Россия эса Башар Ассадни қўллаб келмоқда.
Январда Туркия БМТ тан олган ҳукуматни қўллаш учун Ливияга ҳарбий маслаҳатчиларни, учувчисиз бошқариладиган самолётларни ва ёлланма жангариларни жўнатган эди. Бунинг оқибатида генерал Хафтарнинг Триполига бостириб кириш режаси барбод бўлган.