Ссылки доступа

Қозоғистон амалдорлари ўзларини иҳоталашга ўтди, ҳукумат мажлиси кечиктирилди


ҚР соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртановда коронавирус инфекцияси аниқланганидан кейин қозоғистонлик бир нечта амалдор ўзларини иҳоталаш режимига ўтди.

Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Сапарбаев ўзини иҳоталади. Ҳокимлик матбуот хизматининг хабар беришича, Сапарбаев иш фаолиятини давом эттирмоқда ва унинг коронавирусга ташҳиси манфий чиққан.

12 июн куни Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин соғлиқни сақлаш вазири ҳамроҳлигида Жамбил вилоятига амалий ташриф буюрди. Икки кундан кейин Биртанов ўзининг тести ижобий бўлганини ва юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилганини маълум қилди. Ўша куни сал кейинроқ Қозоғистон бош вазири матбуот котиби баёнот бериб, бош вазир Мамин иҳоталанганини, вирусга тести манфий чиққанини маълум қилди.

15 июн куни Таълим вазирлиги баёнот берар экан, ўтган ҳафта Жамбил вилоятига ташриф буюрган ҳукумат делегацияси таркибида бўлган муассаса раҳбари Асхат Аймагамбетов ўзини иҳоталаш режимига ўтганини билдирди.

Бош вазир матбуот хизматининг хабар қилишича, 16 июнь сешанба куни бўлиб ўтиши кутилаётган ҳукумат мажлиси 19 июн жума кунга кўчирилди.

Ой бошида коронавирус инфекциясига чалингани борасида Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Курмангали баёнот берган эди. Ўтган ҳафтада COVID-19га парламент Мажлиси депутати Бекболат Тлеухан чалингани маълум бўлди.

XS
SM
MD
LG