Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарларини ишдан олди


 Саида Умарзода
Саида Умарзода

Тожикистонда соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг барча ўринбосарлари ишдан олинди. Хукуматнинг тегишли фармойиши 15 июн, душанба куни эълон қилинди.

Тожикистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, Саида Умарзода Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, Азиз Одиназода ва Мирхамуддин Камолзодалар эса вазир ўринбосарлари лавозимдан озод қилинди. Давлат раҳбари Эмомали Раҳмон соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирининг биринчи ўринбосари этиб Ғафур Мухсинзодани тайинлади. Самариддин Ализода ва Зулфия Абдусаматзода вазирнинг ўринбосарлари бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 5 май куни президент Эмомали Раҳмон мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Насим Олимзодани мансабидан бўшатган эди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг янги раҳбари этиб “Истиқлол” тиббиёт маркази директори ва Тожик давлат тиббиёт университетининг умумий жарроҳлик кафедраси профессори Жамолиддин Абдуллозода тайинланди. Насим Олимзода Соғлиқни сақлаш вазирлигининг СОVID-19 коронавирусига қарши курашда ҳаракатлари тиббиёт ходимлари ва аҳоли томонидан танқид қилиниш фонида “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” мансабидан озод қилинди.

Ҳукуматнинг бошқа фармойиши билан Раҳмон телевидение ва радиоэшиттиришлар Қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарини мансабидан бўшатди ҳамда Раҳмонзода Саиднахшни ички ишлар вазирининг ўринбосари этиб тайинлади.

XS
SM
MD
LG