Ссылки доступа

Ашхабодда шифокорлар уйга кетмаяпти, вилоятларга COVID-19дан ҳимоя либослари юборилмоқда


Туркманободдаги шифохона ходимларининг аввал COVID-19га топширган такрорий анализлари ижобий натижа берди. Эндиликда мазкур тиббиёт муассасаси пандемия бошланганидан бери илк бор ҳимоя либосларини олди. Ашхабоддаги юқумли касалликлар шифхонасининг ходимлари бир ҳафтадан бери уйларига кета олмаяпти.

Мазкур вазият фонида Азатлиқ радиосининг ҳукуматга яқин манбасининг хабар беришича, Туркманистон COVID-19га чалинишнинг илк ҳолати ҳақида баёнот беришга тайёргарлик кўрмоқда. Туркманистон расмийлари вазиятни изоҳламаяпти.

Ўтган ҳафтада Азатлиқнинг Лебап вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасидаги манбасининг хабар беришича, 8 июн куни мазкур кўп тармоқли шифохонанинг анестезиолог ҳамширасида COVID-19 аниқланди. Шундан сўнг ҳамшира оила аъзолари билан карантинга жойлаштирилди.

11 июн куни Лебапдаги манбаларнинг хабар қилишича, мазкур тиббиёт муассасасининг инфекцион бўлими қуршаб олинди.

«Айни дамда клиника ходимлари мунтазам равишда анализ топширмоқда. Аммо уларга натижалар борасида хабар беришмаяпти. Шифохона 14-кунлик карантин туфайли иҳоталанган», дея хабар берди лебаплик манба.

Хабарларга кўра, бу вазиятдан сўнг шифохонага илк бор Ашхабоддан махсус ҳимоя либослари ва бошқа воситалар юборилган. Шу кунга қадар ходимларнинг ўзлари ҳимоя воситаларини сотиб оларди.

Азатлиқнинг Ашхабоддаги мухбирининг хабар қилишича, пойтахтдаги инфекцион шифохона ходимларининг уйга кетишлари ва телефондан фойдаланишларига рухсат берилмаяпти.

«Ходимлардан бири қариндошларига қўнғироқ қилишга муваффақ бўлди. У қариндошларига имкон қадар уйдан ташқарига чиқмасликка ва фарзандларини болалар боғчаларига юбормасликни тавсия қилган», дейди 15 июн куни пойтахт аҳолисига таянган мухбир.

Бундан ташқари мухбирнинг хабар қилишича, шу кунларда АшхабоддагиХитровка туманида тиббиёт ходимлари томонидан уйлар текширилмоқда ва ҳожатхоналар махсус воситалар билан дезинфекция қилинмоқда.

Мана шу вазият фонида хукуматга яқин Азатлиқ манбасининг хабар беришича, Туркманистон мамлакт худудларида COVID-19га чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат қайд қилингани борасида баёнот беришга тайёргарлик кўрмоқда.

XS
SM
MD
LG