Ссылки доступа

Нукусда ИИБ ходимининг ниқоб тақмаган йигитга куч қўллаши норозиликка сабаб бўлди (видео)


Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида ИИБ ходимининг йигирма ёшлар атрофидаги йигитни ерга ётқизиб, бўйнини тиззаси билан босиб олгани акс этган видео 16 июнь куни ижтимоий тармоқларни ларзага солди.

Қорақалпоғистонликларнинг айтишича, воқеа 14 июнь куни Нукус шаҳрининг эски шаҳар қисмидаги автовокзал ҳудудида "маска операцияси" пайти рўй берган.

16 июнь куни Телеграм тармоғининг "Қарақалпақстан жаслари" каналида тарқалган видеода ИИБ ходими 20 ёшлар атрофидаги йигитни тиззаси билан ерга босиб олгани акс этган.

Атрофга тўпланган одамлар милиция ходимидан "бўғма болани, ўлдириб қўясан", деб сўрайди.

"Қарақалпақстан жаслари" каналида видеони улашган нукуслик Санжар исмли фойдаланувчи ИИБ ходими ниқоб тақмаган йигитга ошиғич куч қўллаганини айтди:

- Тўғри коронавирус тарқалиши олдини олиш учун маска тақиш керак, лекин бунинг учун қўлини қайириб, ерга ётқизиб, босиш керак эмас. ИИБ ва СЭС ходимлари "Газель" автобусларида яширниб ўтириб, иссиқда ҳаво етмай маскасини туширганни шундай қилиб ушлаб босиб олиб кетишмоқда. ИИБ ходимларига план қўйилган экан, штрафини қилсин, такрорланса яна штраф қилсин. Қонунлар борку,?!

Нукусдаги "Чироқ" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Азимбой Отаниёзов ИИБ ходимининг қўлида қуроли бўлмаган шахсни бўйнидан босиб, ерга ётқизиши қонунга хилоф эканини айтди:

Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида коронавирус тарқалиши олдини олиш учун март ойи оҳиридан тиббий ниқобларсиз юриш тақиқланган.

Қоидани бузганлар базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.

Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати мулозими 14 июнь куни Нукусда аҳоли орасида карантин қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўйича рейд ўтказилганини тасдиқлади.

Мулозим видеода акс этган ҳолатни изоҳлар экан бундай деди:

- Нукуснинг эски шаҳар ҳудудидаги автотураргоҳдаги текширув пайти “Матиз” такси автомашинаси ҳайдовчиси бўлган 22 ёшли йигит тиббий ниқобини тақмаган, карантин қоидаларига амал қилмай фаолият олиб бораётганлиги аниқланган. У ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга фаол қаршилик кўрсатган, атрофдаги одамлар шу ҳолатни видеога олган. Ҳозир бу йигитга маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Айни пайтда вазирлик матбуот хизмати, ИИБ ходимининг видеода акс этган ҳаракати юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG