Озодлик туркман хизматининг воқеадан хабардор манбаларига кўра, Ашхободдаги юқумли касалликлар шифохонаси ходимларига бир неча кундан бери муассаса ҳудудини тарк этиш ва телефондан фойдаланишга рухсат берилмаяпти.
- Врачлардан бири яқинларига телефон қилиб, уларга: “Имкон қадар уйдан камроқ чиқишга ва болаларни боғчага юбормасликка ҳаракат қилинглар”, дейишга муваффақ бўлибди, - деган Озодлик манбаси.
Исми ошкор этилмаслиги шарти билан Озодликнинг туркман хизмати билан суҳбатлашган шифохона ходими муассаса пневмонияга чалинган беморлар билан тўлиб кетганини айтган. Унга кўра, бу беморлардан баъзиларининг аҳволи оғир, айримлари эса ҳаётдан кўз юмган.
Лебап вилояти маркази бўлмиш Туркманободдаги соғлиқни сақлаш муассасасига яқин бўлган манбалар бу шаҳардаги касалхона унда ишлайдиган ҳамширада коронавирус инфекцияси аниқланганидан кейин карантинга олинганини маълум қилганлар.
Манбаларга кўра, шифохона полициячилар томонидан ўраб олинган, ходимларга эса COVID-19 пандемияси бошланганидан бери илк бор ҳимоя воситалари улашилмоқда.
Яна бир манба Озодликка туркман расмийлари мамлакатда коронавирус инфекциясига чалиниш бўйича илк ҳолат қайд этилгани ҳақида расман баёнот беришга ҳозирлик кўришаётганини билдирган. Бу ҳақда расмийлардан тасдиқ ёки рад жавобини олишнинг имкони бўлмаган.