Ссылки доступа

Термиз шаҳрига кириб-чиқиш вақтинча тақиқланди


Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрига 16 июндан бошлаб кириб-чиқиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими Тўра Боболов маълум қилди.

“Кузатилаётган эпидемик вазиятни ҳисобга олиб, биз бугундан Термиз шаҳрига кириб-чиқишни тўхтатдик ва бир қатор юмшатишларни бекор қилдик. Эпидемик вазият мураккаб бўлган Термиз, Денов, Музработ, Шўрчи, Қумқўрғон ва Бойсун туманларида ҳам карантин талабларини қатъийлаштирамиз”,- дейилади ҳоким мурожаатида.

Боболов аҳолидан зарур бўлмаган ҳолатларда кўчага чиқмасликларини, жуда зарурият туғилганда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ниқоб тақиб чиқишларини, шифокорлар тавсиясига кўра юз-қўлларини гигиена воситаларида доимий тозалаб туришларини илтимос қилган.

Сурхондарё вилояти 20 майдан “яшил” ҳудудга айланган эди. Бироқ вилоятга яна коронавирус қайтди ва Термиз шаҳри, Бойсун тумани, Музработ тумани, Термиз тумани, Шўрчи тумани “қизил” ҳудудга айланди.

15 июндан вилоятга кириб-чиқиладиган «Дарбанд» йўл-патруль пости ҳамда Термиз шаҳри, Музработ, Термиз, Шўрчи, Бойсун, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларида қатъий карантин талаблари жорий этилган.

XS
SM
MD
LG