Ссылки доступа

Тожикистонда тўйларга рухсат берилди ва авиақатновлар қисман тикланди


Тожикистон расмийлари тўй тантаналарига жорий қилинган тақиқларни бекор қилди. COVID-19 профилактикаси бўйича Республика штаби 20 июндан бошлаб 100 нафардан ошиб кетмайдиган меҳмони бўлган тўйларга рухсат берди.

Республика штабининг мажлиси 17 июн куни бош вазир Қоҳир Расулзода раислигида бўлиб ўтди. "Мамлакатда 20 июндан бошлаб таклиф қилинган юз кишигача бўлган меҳмонлар иштирокида тўй тантаналарини ўтказишга рухсат берилди, бунда санитария-гигиена меъёрларига амал қилинган ҳолда турар-жойда ёки бошқа муассасада, жумладан ресторан ёки қаҳвахонада фақат битта тадбир ўтказилиши керак бўлади", дейилади штаб қарорида.

Бундан авваллари Тожикистонда 150 нафардан ошиб кетмайдиган меҳмонлар иштирокида тўй тантаналари ўтказиларди.

25 май куни Дин ишлари ва аньана ва урф-одатларни соддалаштириш Қўмитаси коронавирус эпидемияси туфайли тантана ва тўйлар ўтказилишини тақиқлаган эди. Муассасанинг хабар беришича, Рамазон ойи тугаши билан тўй тантаналарини ўтказиш масаласида кўплаб аризалар туша бошлади.

17 июн куни COVID-19 профилактикаси бўйича Республика штаби халқаро авиапарвозлар қисман тикланишига рухсат берди. 1 июлдан Ўзбекистон ва Дубайга парвозлар тикланади. Бироқ йўловчилар ўзларида коронавирус йўқлиги борасида маълумотномани тақдим қилишлари керак бўлади.

Тожикистон Фуқаро авиация Агентлигига Россия, Туркия ва Хитойга парвозларни ташкиллаштириш масаласини ўрганиш ҳамда “ўз хулосаси ва таклифларини республика штабига бериш" топширилди.

Тожикистон 20 мартдан барча йўналишлар бўйича халқаро авиақатновларни тўхтатди. Мамлакатнинг юзлаб фуқаролари Россия ва бошқа мамлакатлардаги аэропортларда қолиб кетишди.

Тожикистонда 15 июндан бошлаб буюм бозорлари, дўконлар, меҳмонхоналар ва маиший хизмат корхоналари фаолиятини тиклади. Душанбе мэрияси 15 июн куни 10200 га яқин тадбиркор ва хизмат кўрсатиш ходимлари ўз фаолиятини бошлаганини маълум қилди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 16 июн ҳолатига кўра, COVID-19га чалинганларнинг умумий сони 5160 нафарга етди, 50 бемор вафот этди. Бироқ kvtj.info порталининг хабар қилишича, мамлакатда COVID-19 ва зотилжам қурбонлари сони 430 нафарни ташкил қилади. Мазкур порталда ҳалок бўлганлар сони ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва марҳумларнинг қариндошларининг хабарларига асосланиб тузилади.

XS
SM
MD
LG