Ссылки доступа

Тошкентда COVID-19 билан боғлиқ вазият таранглашгани ортидан айрим савдо мажмуалари ёпилди


Коронавирус инфекциясига чалинганлар сони ошиб бораётгани туфайли Ўзбекистон пойтахтидаги “Малика” савдо мажмуаси, Юнусобод деҳқон бозори ва Учтепа туманидаги “Ўрикзор” савдо комплекси фаолияти тўхтатилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот маркази маълум қилди.

Қайд этилишича, COVID-19 билан боғлиқ вазият таранглашгани ортидан Тошкентдаги 71 та маҳалла эпидемиологик нуқтаи назардан “қизил” ҳудудга киритилган.

Мазкур аҳоли пунктларида Республика махсус комиссияси баённомаси билан белгиланган чоралар қўлланилиши, маҳаллаларга кириш ва чиқиш жойлари ёпилиши, стационар постлар ўрнатилиши ва у ерда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари, Миллий гвардия хизматчилари ва санитария-эпидемиология назорати хизмати ходимлари навбатчилик қилиши айтилмоқда.

“Маҳаллалар ҳудудларида суткалик навбатчилик ташкил қилинади ва қатъий назорат ўрнатилади. Эслатиб ўтамиз, “қизил” ҳудудда яшовчи фуқароларга уйдан фақат озиқ-овқат ва дори маҳсулотларини харид қилиш учун чиқиш мумкин. Шу билан бирга албатта тиббий ниқоб тақиш зарур”, дейилади ИИББ хабарномасида.

XS
SM
MD
LG