Ссылки доступа

Тожикистон президентининг куёви яна Миллий банк раисининг ўринбосари этиб тайинланди


Джамолиддин Нуралиев
Джамолиддин Нуралиев

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг куёви Жамолиддин Нуралиев яна Тожикистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Давлат раҳбарининг фармони 18 июн куни имзоланди.

43-ёшли Жамолиддин Нуралиев аввал Жаҳон банки гуруҳи ижрочи директорининг маслаҳатчиси, Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директорининг маслахатчиси, Тожикистон молия вазирининг ўринбосари, «Агроинвестбанк» ОАЖ Кузатув Кенгаши раиси лавозимларида ишлаган.

Президент фармонига кўра у 2015 йил май ойида Тожикистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

Оппонентлар Эмомали Рахмонни кўплаб оила аъзоларини юқори давлат амалларига тайинлагани учун танқид қилади. Президентнинг катта ўғли Рустам Эмомали 2017 йил январда Душанбе мэри этиб тайинланган. 2020 йилнинг баҳорида у Тожикистон парламенти юқори палатаси Мажлиси Миллий раиси этиб сайланди ва хукуматда иккинчи шахсга айланди.

Президентнинг қизи ва Миллий банк раисининг биринчи ўринбсари Жамолиддин Нуралиевнинг рафиқаси бўлмиш Озода Раҳмон 2016 йилянвардан президент администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келмоқда.

Давлат раҳбарининг яна бир қизи - Заррина Раҳмон 2017 йилиюлида Ориёнбанк раисининг ўринбосари этиб тайинланди, бу банкка президентнинг поччаси Хасан Асадуллозода раҳбарлик қилади. Раҳмоннинг яна бир қизи – Рухшона Тожикистон ТИВ бошқармаларидан бирининг раҳбари ўринбосари бўлиб ишлайди.

Тожик президентининг куёви Шамсулло Соҳибов Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосаридир. Ягона Давлат реестрига кўра Шамсулло Сохибовга кўп тармоқли «Фароз» компанияси ҳам қарайди.

Тожикистон Миллий банк раисининг ўринбосарлари 5 йил муддатга тайинланади, президент фармони мамлакат парламенти томонидан тасдиқланиши керак. 18 июн куни президент фармонига кўра Лола Салимова ваколат муддати тугаши билан Тожикистон Миллий банки раиси ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

XS
SM
MD
LG