Ссылки доступа

RFE/RL президенти Жейми Флай истеъфога чиқди


Джейми Флай

Озод Европа/Озодлик радиоси (RFE/RL) медиакорпорацияси президенти Жейми Флай ўз истеъфосини эълон қилди. Ширкат ходимларига йўллаган мактубида Флай унинг ишдан бўшатилишига оид қарор Глобал медиа бўйича АҚШ агентлигининг (USAGM) раҳбари Майкл Пэк томонидан олинганини қайд этди.

“Мен Озод Европа/Озодлик радиосини улкан ҳазинлик туйғуси билан тарк этмоқдаман. Бу ташкилотга бир йил давомида раҳбатлик қилиш мен учун бир умрлик шарафдир”, дейилади Флайнинг мактубида.

Associated Press агентлиги Пэк Глобал медиа бўйича АҚШ агентлиги таркибига кирувчи учта бошқа медиа-ташкилот – Озод Осиё радиоси, Яқин Шарқ ёйин тармоғи ва Кубага ёйин бюроси раҳбарларини ишдан бўшатганини хабар қилди. Бундан ташқари, Пэк фаолияти USAGM назоратида бўлган Очиқ технологиялар жамғармаси раҳбарини ҳам истеъфога чиқарган.

Майкл Пэк Глобал медиа бўйича АҚШ агентлигига икки ҳафта муқаддам раҳбар этиб тайинланган.

USAGM ходимларига йўллаган электрон хатида у вазифаси бутун дунё бўйлаб мавзун ҳамда текширилган янгилик ва хабарларни тақдим этиш бўлган АҚШ халқаро ёйин тизимига кирувчи медиа-ташкилотлар мустақиллигини таъминлаш тамойилига содиқ эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG