Ссылки доступа

Ўзбек расмийлари қўшни давлатлардаги ўқиш тавсия қилинмайдиган ОТМлар номини очиқлади


Қирғизистон ва Тожикистондаги айрим олий таълим муассасаларининг таълим сифати Ўзбекистоннинг меҳнат бозори талаб даражасига мос эмас.

Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан ҳозирланган “Қўшни давлатлардаги олий таълим ташкилотларининг таълим сифати даражасини аниқлаш бўйича тавсия”да айтилган.

Инспекция мазкур тавсия қўшни давлатлардаги олий таълим ташкилотларида таълим бериш жараёнини турли ахборот манбалари ҳамда Ўзбекистонда хорижий давлатларда таълим олганлик бўйича синовлар натижаларини таҳлилий ўрганиб чиқиш асосида тайёрланганини қайд этади.

Ўзбек расмийларига кўра, таълим сифати талаб даражасида бўлмаган ОТМлар сирасига Қирғизистондаги Марказий Осиё халқаро университети, Қирғиз-Ўзбек университети, Халқаро тиббиёт олий мактаби, Боткен давлат университетининг Қизил-Қия гуманитар-педагогика университети, Ўш гуманитар-педагогика институти, Жалолобод давлат университети, Ўш давлат юридик институти, Майлуу-Суу иқтисодиёт ва бошқарув институти, шунингдек, Тожикистондаги Хўжанд давлат университети, Тожикистон очиқ университети, Тожикистон давлат педагогика университети, Тожикистон тадбиркорлик ва сервис институти, Тожикистон солиқ ва ҳуқуқ институти, Тожикистон давлат тиллар институти, Қўрғонтепа давлат университети, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети кабилар киритилган.

“Исталмаган университет ва институтлар” қаторида Қозоғистондаги конкрет ОТМ номи қайд этилмаган бўлса-да, бу мамлакатдаги “айрим рейтинг кўрсаткичи юқори ОТМлар ўзбекистонлик ёшларни имтиҳонсиз қабул қилиши, ўқишларни масофадан ташкил этиши, буни сиртқи деб номлаши орқали одамларни чалғитиши натижасида таълим сифати таъминланмаётганлиги ҳолатлари ҳам кузатилаётгани” таъкидланади.

Баён якунида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўзбекистонликларга хорижий давлатларда таълим олишда энг аввало сифатли таълим берадиган, миллий ва халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингида юқори ўринларда бўлган олий таълим ташкилотларида таълим олишларини тавсия этган.

“Зеро, келажакда юқори малакали кадр бўлиб етишиш, республикамиз меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўлиш учун таълим сифати юқори бўлган таълим ташкилотларида таҳсил олиниши мақсадга мувофиқдир”, дейилади тавсияномада.

XS
SM
MD
LG