Ссылки доступа

Тожикистонда сиҳатгоҳлар мижозларни қабул қила бошлади


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Тожикистонда 15 июндан бошлаб барча курорт ва сиҳатгоҳлар икки ойлик мажбурий “коронавирус” таътилларидан кейин меҳмонларни қабул қилишни бошлади.

Олдинроқ айрим шифо масканларида хориждан келган ватандошларни карантинга жойлаштиришган ва шу сабабли кўпчилик дам олиш ўрнига коронавирус юқтириб олиш мумкинлигидан хавотир олмоқда. Сиҳатгоҳларда эса бу хавотирлар асоссиз эканлигига ишонтиришмоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги фақат 30 апрелда мамлакатда коронавирус инфекцияси мавжудлигини тан олди. Ўшанда кўплаб санаторий ва курортлар ёпилган, айримларида бошқа мамлакатлардан келаётган Тожикистон фуқаролари ва хорижликларни икки ҳафталик карантинга жойлаштиришни бошлашган.

«Баҳористон», «Хожа Оби Гарм» ва «Шаамбара» сиҳатгоҳлари, Озодлик радиосининг хабар беришича, биринчи мижозларни қабул қилишни бошлаб бўлишган. «Бизнинг сиҳатгоҳимиз келувчиларнинг йўқлиги сабабидан ёпилган эди, - дейди Сўғд вилоятида жойлашган “Баҳористон” санаторияси ходимларидан бири. – Айтишни истардимки, коронавирусга гумон қилинганларни бизда карантинга ётқизишмаган. Бизга дастлабки мижозлар кела бошлади».

Тожикистон расмийлари 15 июндан эътиборан буюм бозорлари, дўконлар, меҳмонхоналар, санаторий ва маиший соҳа корхоналарини очишга изн беришди. Сиҳатгоҳларда ижтимоий масофага риоя этилмоқда, термометрия ўтказилмоқда. Дезинфекция воситалари билан нам тозалаш ишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ходимлар мунтазам равишда коронавирусга лаборатория клиник тестларидан ўтказиб турилибди. Меҳмонларни индивидуал ҳимоя воситаларидан фойдаланиш зарурияти борасида огоҳлантиришмоқда.

Тожикистонда туризмни ривожлантириш бўйича қўмитанинг масъул ходими Абдукарим Курбоновнинг айтишича, охирги икки йилдан бери мамлакатда ички туризм ҳам ривожланмоқда. Унга кўра, ҳозирги вақтда Тожикистоннинг 280 та сайёҳлик объекти ва сиҳатгоҳлари меҳмонларни қабул қилишга тайёр.

2019 йилда Тожикистонга 1,3 миллиондан зиёд хорижлик сафар қилган, дарвоқе, уларнинг бир миллиондан кўпроғи республикага сайёҳ сифатида ташриф буюрган. Туризмни ривожлантириш бўйича Қўмита маълумотига кўра, ички сайёҳлар сони 400 минг кишидан ошиб кетган. Тожикистоннинг машҳур сиҳатгоҳлари ва санаторийларида бир ҳафта дам олиш 140 долларга тушади.

Айни вақтда, Тожикистоннинг болалар соғломлаштириш лагерлари кичик ёшли болалар қабулини бошлаганича йўқ. Тожикистон касаба уюшмалари Федерацияси ходими Муҳаммад Қурбоновнинг айтишича, улар COVID-19 тарқалиши профилактикаси бўйича республика штабининг болаларнинг ёзги дам олишини ташкиллаштириш бўйича фармойишини кутишмоқда. Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирининг ўринбосари Шодихони Жамшед штаб мазкур масала юзасидан сўнгги қарорни қабул қилмаганини тасдиқлади, чунки эпидемияси чўққисидан ҳали ўтилмаган.

Тожикистонда 60 га яқин шаҳарорти болалар лагерлари ва санаторий соғломлаштириш муассасалари мавжуд. Уларнинг аксарияти Варзоб туманида жойлашган.

XS
SM
MD
LG