Ссылки доступа

Қой-тош ҳодисалари: ҚР собиқ президенти Атамбаев тарафдорларига айблов акти ўқилди


Қой-тош ҳодисалари иши бўйича 22 июн куни бўлиб ўтган суд мажлисида прокурорлар парламент депутати Асел Кодуранова, собиқ депутат Мээрбек Мискенбаев, МХДҚ 9-Хизмати собиқ ходими Канат Сагимбаев ва собиқ президент маслаҳатчиси Кундуз Жолдубаевага айблов актини ўқиб эшиттирди.

Суднинг маълум қилишича, улар давлат тўнтаришига тайёргарлик кўриш, гаровга олиш, оммавий тартибсизликларни келтириб чиқариш ва бошқа оғир моддалар бўйича айбланмоқда.

Кундуз Жолдубаева айбловни «абсурд» дея атади. Ундан аввалроқ Канат Сагимбаевнинг мурожаати эълон қилинган эди, унинг таъкидлашича ўзига ҚР Жиноят Кодексининг 11та моддаси бўйича айблов қўйилаётган экан. У ўзига озод қилиниши эвазига тергов билан ҳамкорлик қилиш борасида таклиф тушганини, аммо Алмазбек Атамбаевни сотмаслик учун бундан воз кечганини таъкидлади.

7-8 август куни Чуй вилоятининг Аламудун туманидаги Қой-тош қишлоғида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси томонидан «собиқ президент Алмазбек Атамбаевни мажбуран сўроққа олиб келиш мақсадида тадбир ўтказилди». Ўшанда махсус бўлинма офицери ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши турли даражада жароҳат олди.

Мазкур жиноий иш бўйича суриштирув олиб борган ИИВ Тергов бошқармаси 19 нафар фигурантга, жумладан собиқ президент Алмазбек Атамбаевга айблов қўйди. Улардан 14 кишининг иши судга оширилди. Тергов билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган беш кишига нисбатан алоҳида иш очилди.

Иши Биринчи май туман судида кўрилаётган 14 нафар судланувчидан Алмазбек Атамбаев, Фарид Ниязов, Равшан Джеенбеков, Мээрбек Мискенбаев, Канат Сагимбаев, Фархат Баабиев ваКанат Осмоналиев ҳибсда ушлаб турилибди.

Қой-тош ҳодисалари бўйича иш Алмазбек Атамбаев айбдор сифатида кўрилаётган ягона иш эмас. 2011 йилдан 2017 йилга қадар мамлакатни бошқарган сиёсатчи тахминан 10та иш бўйича фигурант сифатида кўрилади, улар орасида Бишкек ИЭМни модернизация жараёнидаги коррупция, жиноий авторитет Азиз Батукаевни муддатдан аввал озод қилиш ва бошқа ишлар бор. Собиқ давлат раҳбарининг адвокатлари бу ишларнинг ҳаммасини сиёсийлаштирилганини айтишади ва ўз ҳимоясидагиларга қўйилаётган айбловларни инкор қиладилар.

XS
SM
MD
LG