Ссылки доступа

Тожикистонда зотилжам туфайли бемор вафотидан сўнг шифокор калтакланди


Турсунзода шаҳрида навбатчилиги вақтида зотилжамга чалинган бемор вафот этгани учун шифокор калтакланди. Калтаклаш шанба куни тунги 2.30 да шаҳар инфекцион шифохонасида юз берди. Тергов бошланди.

Турсунзода шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси ревматолог шифокори Ёқуб Дададжоновнинг 22 июн куни Радио Озодига айтишича, кекса беморнинг вафот этиши маълум бўлиши биланоқ икки эркак унга ҳужум қилган. "Мен уларнинг марҳумга ким бўлганлигини - ўғлими ёки қариндоши бўлганини билмайман. Улар менга, навбатчи шифокорга ва бошқва ходимларга ҳужум қилишди. Мен бошимдан кучли зарба олдим, кейин нима бўлганини билмайман. Ҳамкасбларимнинг айтишларича, мени ўша заҳотиреанимацияга олиб боришган, ҳозир мен нейрохирургия бўлимидаман".

Дададжоновнинг ҳамкасбларининг айтишларича, шифокор бош миясидан кучли жароҳат олган. Шунингдек, ҳамшира ва фаррош ҳам турли даражада жароҳат олди. Турсунзода шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонасида апрел ойидан бошлаб зотилжам ва СOVID-19га чалинган беморлар даволанмоқда. Калтакланган шифокорнинг сўзларига қараганда, сўнги икки ҳафтадан бери жадвалга кўра шифохонада бўлиб турибди.

Турсунзода шаҳар ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, тиббиёт ходимларига ҳужум факти бўйича дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. Маълум бўлишича, ҳужум қилганлардан бири А. – вафот этган 64 ёшли маҳалий аҳоли вакилининг ўғли бўлиб, иккинчисининг шахси ўрганилмоқда. Шифокорларнинг айтишларича, вафот этган кекса эркак қандли диабетдан азият чеккан ва икки томонлама зотилжам ташҳиси билан шифохонага ётқизилган эди. Шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолаолмадилар.

Шифохона бўлим мудири Махмадшариф Талбаковнинг айтишича, марҳумнинг қариндошлари ўз ҳиссиётлари устидан назоратни ўқотиб қўйдилар ва тиббиёт ходимларига ҳужум қилдилар. "Менинг ўзим коронавирусни юқтириб олганман ва икки ой карантинда бўлдим. Кеча ишга чиқдим ва юз берган ҳодисадан бохабар бўлдим. Ҳозир ҳеч ким шифокорларга қийин эканини тушунмайди, улар пандемия вақтида ўз соғлиқларини хатарга қўйиб беморлар ҳаётини сақлаб қолмоқда", дейди Талбаков.

Ёқуб Дададжонов ҳозирча милицияга ариза ёзмади, даволаниб бўлганидан сўнг бир қарорга келади. "Мен 30 йилдан бери шифокор бўлиб ишлайман ва бу каби ҳодиса бўлишни ўйлаб ҳам кўрмаган эдим … Улар қандай қилиб қўриқланадиган бинога киришгани менга қоронғу. Ахир улар мени ва ҳамкасбларимни ўлдириб қўйиши мумкин эдикку?!".

Маълум бўлишича ҳужум қилганлардан бири шифокордан узр сўради.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг маълумотига кўра, апрел ойидан бугунга қадар 1700 дан ортиқ тиббиёт ходими СOVID-19га чалинган.

XS
SM
MD
LG