Ссылки доступа

Гулистонлик тадбиркорлар бозор ёпилганига қарши норозилик акцияси ўтказди (видео)


22 июнь куни Сирдарё вилоят ҳокимияти олдида юздан зиёд тадбиркор норозилик акцияси ўтказиб, Гулистондаги кийим-кечак бозори ёпилганига қаршилик билдирди.

22 июнь куни эрталаб Гулистон шаҳридаги кийим-кечак (ёйма) бозорининг юздан зиёд тадбиркори бозор ёпилганига норозилик билдириб, акция ўтказди.

“Бир ҳафтадан буён бозорга келадиган йўлларни ёпиб қўйишди. Лекин дўконларимиз очиқ турди. Йўллар ёпилгани сабаб, харидорлар бозорга кира олмади. Шунга бугун норозилик билдириб, аввал Гулистон шаҳар ҳокимиятига бордик. Ҳокимликдан ҳеч ким чиқмагач, Сирдарё вилоят ҳокимиятига бордик. 100 дан кўп тадбиркор борди", деди исми очиқланмаслигини сўраган тадбиркор.

Бошқа бир тадбиркор иддаосича, норозилар бақириб-чақирганидан сўнг, ИИБ ходимлари тадбиркорларга куч қўллаган.

"Биз бозорга келадиган йўлларни очишни талаб қилиб, "Очилсин" деб хор бўлиб, қичқирдик. Кейин милиция ходимлари видеога олаётганлар телефонларини тортиб ола бошлади. Жанжал бўлиб кетди. Видеога олганлардан бир нечта одамни ичкарига олиб кириб, кетишди".

Акция иштирокчиларининг айтишича, улар тарқалмасдан¸ ўз талабида қатъий тургани учун Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев норозилар билан учрашишга мажбур бўлган.

"Биз трасса йўлини тўсамиз, деб тургандик. Шаҳар ҳокими Дадабоев келди. Аввал ўнтача тадбиркорни ҳокимлик ичкарисига олиб кириб, гаплашди. Кейин ҳоким чиқиб, бозорга борадиган йўллар очилишини айтди".

Тадбиркорларга кўра, бир ҳафта давомида ёпиқ турган бозорга кириш йўлларининг барчаси 22 июнь куни очилган.

"Ўзи карантин пайти бозор ёпиқ эди. Июнь бошида очишди. Лекин бир ҳафта аввал бозорга келадиган ҳамма йўлларга блок пост қўйиб, одамларни бозорга ўтказишмади. Тўртта блокпост қилишди, ҳамма постларда Миллий гвардия ва милиция ходимлари туришди. Ахборот коллежи олдидаги трассани юк машинаси билан ёпиб қўйишди. 5-мактаб олди, стоматология олди, Сайхун кўчасига блокпост қўйиб, йўлларни бетон билан ёпиб қўйишди. Ҳокимиятга борганимиздан кейин ҳаммасини очишди".

Норозилик билдирган тадбиркорлар иддаосига кўра, маҳаллий ҳокимлик ёйма бозорини бутунлай ёпишни режалаштирмоқда.

"Шаҳар четида "Ҳумо" деган янги савдо маркази очишган, бизнинг бозорни ёпиб, шаҳарликларни фақат ўша жойдан савдо қилишини йўлга қўйишмоқчи. Ўша савдо маркази ҳокимликда ишлайдиган мулозимнинг қариндошига тегишли. Шунинг учун бизнинг бозорга харидорлар келишини камайтириш мақсадида йўлларни ёпиб қўйишди. Шунга биз норозилик акцияси ўтказдик".

Норози тадбиркорлар ҳисоб-китобича, Гулистон кийим-кечак бозорида тахминан 500дан зиёд дўконда 1000га яқин тадбиркор савдо қилади.

Гулистон шаҳар ҳокимлигининг мулозими ёйма бозорига борадиган йўллар ёпилганини коронавирус тарқалиш хавфи билан изоҳлади.

"Сирдарё вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг жорий йил 21 июндаги 830-сонли хатида Гулистон шаҳрида касаллик тарқалиш хавфи юқори бўлгани сабаб шаҳарни “қизил” зонага киритиш режаланган. Шу муносабат билан бозор ҳудудини дезинфекция қилиш мақсадида вақтинча ёпиш режаланганди. Лекин бугун шаҳар ҳокими Дадабоев тадбиркорлар билан учрашиб, бозорни очишга рухсат берди. Агар Гулистон шаҳри "қизил" зонага кирса, барибир бозор вақтинча ёпилади", деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган ҳокимлик мулозими.

Мулозим Гулистон кийим-кечак бозорининг бутунлай ёпилиши ҳақидаги тадбиркорлар хавотирини изоҳлашни истамади.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишини олдини олиш мақсадида март ойида карантин эълон қилинди.

Май ойидан бошлаб, касаллик тарқалиш кўрсаткичларидан келиб, чиқиб ҳудудлар яшил, сариқ ва қизил зоналарга бўлинди. Яшил зоналарда бозорлар фаолиятига ҳам рухсат берилди.

15 июндан хорижга авиақатнов қисман очилди, сариқ ва яшил ҳудудлараро поезд қатнови тикланди ва хусусий боғчалар очилди.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб ижтимоий масофани сақлаш, ниқоб тақиш, дезинфекция мажбурий бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG