Ссылки доступа

Президент Москвадаги "Буюк Ғалаба" парадида иштирок этади


Президент Шавкат Мирзиёев 24 июнь куни Москвада иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парадда иштирок этиши расман тасдиқланди.

“24 июнь куни давлатимиз раҳбари фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан тантанали тадбирларда иштирок этади”, - деб хабар берди президент матбуот хизмати 22 июнь куни.

Хабарда айтилишича, Мирзиёев Москвага 23 июнь куни жўнаб кетади. Ташрифнинг биринчи куни дастурига мувофиқ, олий даражада икки томонлама музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Матбуот хизматининг билдиришича, ташриф Россия президенти Владимир Путин таклифи билан амалга оширилмоқда.

Коронавирус пандемияси муносабати билан Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан 9 май куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган Ғалаба паради 24 июнга қолдирилган эди.

XS
SM
MD
LG