Ссылки доступа

Ўзбекистон экспортининг деярли 32 фоизини олтин ташкил қилди


Жорий йилнинг январидан майигача бўлган беш ой давомида Ўзбекистон хорижга 1 миллиард 640 миллион долларлик олтин сотди.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида таъкидланишича, бу Ўзбекистон беш ой давомида қилган экспортнинг 31,9 фоизини ташкил қилади. Олтин экспорти 2019 йил январь-май ойларига нисбатан 33,3 фоизга ўсган.

2019 йилда Ўзбекистон 4 миллиард 900 миллион долларлик олтин экспорт қилган эди. Ўтган йилда ўзбек экспорти таркибидаги олтин улуши эса 27,3 фоизни ташкил этган.

Олтин экспорти 2015 йилда 823,9 миллион доллардан, 2016 йилда 738,2 миллион доллардан, 2017 йилда 1,6 миллиард доллардан, 2018 йилда 2,91 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилган.

World Gold Council (Олтин бўйича жаҳон кенгаши) ўтган йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон жаҳонда энг кўп олтин сотган давлат бўлгани ҳақида билдирган эди. Ташкилот ҳисоботида таъкидланишича, ўшанда Ўзбекистон январь ойидан март ойигача 6 тонна 200 кило олтин сотган.

XS
SM
MD
LG