Ссылки доступа

Тожикистон "Азот" корхонасини халқаро савдога қўйди


Тожикистон ҳукумати мамлакат жанубидаги Хатлон вилояти Леваканд (аввалги Сарбанд) шаҳрида жойлашган азот ўғитлари ишлаб чиқарадиган «Азот» (собиқ Вахш азот-мой завод)ининг акцияларини халқаро савдога қўйиши борасида қарор қабул қилди,

Бу борада Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан имзоланган мамлакат ҳукуматининг № 298 қарори қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, корхона акцияларининг (747 100 акция) бошланғич баҳоси 190 млн сомони (18,5 млн доллардан кўпроқ) дея белгиланди.

Бундан ташқари, Тожикистон ҳукумати «Азот»нинг бўлажак эгаси учун айрим талабларни қўйди. Биринчидан, у яқин уч йил мобайнида қиймати 400 миллион сомонига тенг Яван-Леваканд газ қувури қуришни зиммасига олиши керак.

Иккинчидан, корхона бўлажак хўжайини уч йил ичида камида 1100 та доимий иш ўрнини яратиши керак. Акция сотиб олингандан сўнг биринчи йилида корхонанинг 25 миллион сомони миқдоридаги қарзларини узиши лозим.

Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасининг маълум қилишича, “Азот”нинг кредиторлик қарзи 2020 йил бошларида 24 млн сомонини ташкил қиларди, дебитор қарздорлиги эса - 59 млн сомонидан кўпроқ. «Азот»нинг янги эгаси зиммасида корхонанинг собиқ эгаси –«Нурихои Осиё» компаниясининг 12 млн сомонидан ортиқ кредиторлик қарзи ҳам тушади.

Вахш азот-ўғитли заводи 1967 йилда қурилган бўлиб, бутун минтақани минерал ўғитлар билан таъминлаган. Фаолияти йўлга қўйилган корхона фуқаролар уруши йилларида тўхтаб қолган.

2001 йилда украиналик олигарх Дмитрий Фирташ МДҲдаги қатор кимёвий заводларни, жумладан, «ТожикАзот» акциядорлик жамиятини сотиб олди. Унинг базасида қўшма корхона ташкил этилган бўлиб, акцияларнинг 75 фоиз пакети Фирташ, 20 фоизи Тожикистон ҳукумати, 5 фоизи Тожикистон Республикаси собиқ саноат вазирининг ўғли, кейинчалик қамоққа олинган Зайд Саидов ихтиёрига берилганди.

2014 йилда тожик расмийлари мазкур корхонани национализация қилишди. Фирташнинг Group of DF компанияси келишув бошланганидан 12 йил ўтиб объектни хусусийлаштириш меъёрларини бажармасликда, мол-мулкни қисман сотилишини тожик ҳукумати келишувисиз амалга оширишда ва охир-оқибат 2 миллион долларлик солиқларни тўламасликда айбланди.

2016 йилда “Тожиказот” базасида Хитойнинг «Хэнань Чжун-Я холдинг гуруҳи» компанияси билан икки томонлама келишув доирасида “Нурихои Осиё” (Осиё минераллари) тожик-хитой қўшма корхонаси ташкил этилди. 2016 йилнинг ноябрида корхонани таъмирлаш ва модернизациялаш иккинчи босқичининг тантанали маросими бўлиб ўтди. Шартномага кўра, ишлаб чиқариш қуввати 120 минг тонна аммиак ва 200 минг тонна карбамид бўлган замонавий корхонанинг биринчи навбати 1,5 йилдан кейин очилиши керак эди, келгуси уч йил мобайнида эса ишлаб чиқариш қуввати 300 минг тонна аммиак ва 500 минг тонна карбамидга тенг бўлган иккинчи навбатини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Аммо Хитой томони шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмади.

2019 йилдан бери Тожикистон “Азот” учун навбатдаги инвесторни қидирмоқда. Корхонани 12 йилдан бери қуришмоқда, қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлган Тожикистон хорижий минерал ўғитларни юқори нархларда сотиб олишга мажбур. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, Тожикистон ҳар йили Россия ва Ўзбекистондан 70 миллион долларга тенг аммиак ва карбамид сотиб олади.

XS
SM
MD
LG