Ссылки доступа

Қозоғистонда иш берувчиларга ходимларидан ПЦР-тест топшириш талаб қилмаслик сўралди


Қозоғистон бош санитар врачи Айжан Есмагамбетова 23 июн куни онлайн-брифинг чоғида иш берувчиларга мурожаат қилиб ходимлардан коронавирус учун ПЦР-тестдан ўтиш талаб қилмасликларини сўради. Унинг айтишича, бу лабораторияларга юк бўлиб тушади ва «тест топширишни мураккаблаштиради».

ПЦР-тест, Есмагамбетованинг айтишича, биринчи навбатда «лозим бўлганлар учунгина» керак бўлади, иш берувчилар эса ўз ходимларининг хавфсизлигини идорада ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда, бинога кириш чоғида ҳароратни ўлчаш ва иш жойида ҳимоя ниқобини тақиш орқали таъминлашлари керак.

«Бугун минг афсуски, ҳам давлат, ҳам хусусий сектордаги иш берувчилар командировка, таътил ёки касалликдан қайтишлари билан ходимларидан мажбурий ПЦР-тестдан ўтишларини талаб қилмоқда», — деди Есмагамбетова. Унинг сўзларига қараганда, бу каби чоралар инфекция юқишининг олдини ололмайди.

19 июн куни соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Лязат Актаева мамлакатда коронавирус тести билан ишловчи 56 та лаборатория мавжудлигини маълум қилди. Унинг айтишича, мамлакатда бир кеча кундузда 28 мингга яқин ПЦР-тест текширилади ва уни 35 мингтага етказиш кўзда тутилган. Коронавирусдан азият чеккан энг йирик иккита - Нур-Султон ва Олмаота шаҳарларида ўтган ҳафтада иккита лаборатория “профилактика ишлари” ёки “кенгайтириш” режасини айтиб ПЦР-тестини ўтказиш тўхтатилишини маълум қилди.

Тўрт ярим мингга яқин кишининг коронавирусга чалингани аниқланган Нур-Султон соғлиқни сақлаш тизими вакиллари шаҳарда тестлар чекланишини таъкидладилар. Аввалроқ шу ойда Олмаотадаги кўчма марказларда COVID-19 тестидан ўтиш учун навбатлар пайдо бўлди. Тест топшириш учун келганлар орасида иш берувчилар томонидан юборилганлар ҳам бор эди. Олмаота касаллар сони бўйича мамлакатда биринчи ўринда туради: расмий маълумотларга кўра собиқ пойтахтда 4,7 минг кишининг коронавирусга чалингани қайд қилинган.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Соғлиқни сақлаш Миллий маркази маълумотига кўра, бугунги кунда мамлакатда 1,37 миллион тест ўтказилган, шундан 210 мингтаси Олмаота ва 196 мингтаси Нур-Султон ҳиссасига тўғри келади. Ўтган уч кун ичида тестлар сони 30 мингдан ошмади.

Расмий маълумотларга кўра, мамлакатда 28,8 минг киши касалликка чалинган, шундан 10,6 минга яқинида— касалликнинг аломатлари кузатилмаган.3 июндан Соғлиқни сақлаш вазирлиги«симптомсиз» беморларни алоҳида рўйхатини юритмоқда ва уларни умумий статистикага киритмаяпти. Шу тариқа, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 18 231 беморнинг қайд қилинганини маълум қилди. Мамлакатда ўлим билан боғлиқ 127 та ҳолат қайд қилинди. COVID-19 тести ижобий бўлган яна ўнлаб марҳумлар бу статистикага киритилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус ташхиси уларга “ҳамроҳ” бўлганлигини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG