Ссылки доступа

Тожикистон президентининг Москвада мигрантлар билан учрашуви режалаштирилмаган – матбуот котиби


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Москвага ташрифи дастурига ватандошлар билан учрашуви режалаштирилмаган, дея Радио Озодига баёнот берди давлат раҳбарининг матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода.

Унинг айтишича, коронавирус хавфи туфайли ташриф чоғида тожик фуқороларини қабул қилиш ёки улар билан учрашув кўзда тутилмаган.

Тожикистон президентининг матбуот котибининг қўшимча қилишича, давлат раҳбарига ҳамроҳлик қилувчи расмий шахсларнинг ҳаммаси икки ҳафталик карантинда бўлган ва уч марта коронавирус ташхисини топширган.

23 июн куни Эмомали Раҳмон Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллига бағишлаб ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш учун Москвага келди. Раҳмонга президентнинг ташқи алоқалар масалалари бўйича маслаҳатчиси, мудофаа вазири ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда, дея хабар беради Тожикистон давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташриф арафасида Россияда яшовчи тожик хуқуқ ҳимоячиси Иззат Омон Эмомали Раҳмонга видеомурожжат қилиб коронавирус пандемияси даврида Россияда бир қатор муаммолар билан тўқнаш келган “мигрантларга вақт ажратишини” сўраган эди.

Раҳмоннинг Россия ёки бошқа давлатларга сафари чоғида ўша мамлакатда яшовчи ватандошлар билан учрашуви бўлиб ўтарди. Бироқ, Иззат Омоннинг айтишича, бу каби учрашувларда барча истовчилар иштирок эта олмайди.

Маълумки, Тожикистон раҳбари ҳамиша ҳам расмий протоколга амал қилмайди ва кўпинча ташриф чоғида ҳамроҳлари ва қабул қилувчи мамлакат учун кутилмаганда қарор қабул қилади.

23 июн куни Кремл 24 июнда Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Москвада бўлиб ўтадиган парадда иштирок этувчи хорижий мамлакатлар раҳбарларининг рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда БМТга аъзо мамлакатлардан атиги еттитасининг раҳбари бор. Улар Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Тожикистон ва Ўзбекистон президентларидир. Шунингдек, ўзини мустақил дея эълон қилган ва мустақилигини Россия тан олган, аммо жаҳоннинг кўплаб давлатлари Грузиянинг таркибий қисми дея тан оладиган Абхазия ва Жанубий Осетия раҳбарларининг ҳам келиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG