“Бугунги кунда мамлакат бўйича имтиёзга эга бўлган 142,5 мингта кичик бизнес вакиллари мавжуд бўлиб, улар 332,8 млрд. сўмлик солиқлардан озод бўлади. Бу сумма икки турдаги — мол-мулк ва ер солиғи ҳиссасига тўғри келади”, - деб айтди расмий.
Унга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларига бундай имтиёз президент фармони асосида берилмоқда.
Назаровнинг билдиришича, кичик тадбиркорлик субъектларининг апрель-май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиғи суммаларидан воз кечилди. Натижада 2 422 та солиқ тўловчининг 123 миллиард сўм миқдоридаги кечиктирилган солиқларни тўламайдиган бўлди.
2020 йил 1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 %дан 1%гача пасайтирилди.
“Натижада 1 млн. 681 минг 769 та иш ўрни ташкил этилган 328 782 та микрофирмалар ва кичик бизнес субъектлари солиқ тўловчиларига солиқ юки камайтирилди”, -деди Назаров.
Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.
Солиқ тўловчилар 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.