Ссылки доступа

Путин пандемия фонида Москвада Ғалаба парадини ўтказди


Россия президенти Владимир Путин янги президентлик муддати учун номзодини қўйиши учун имконият берадиган референдум арафасида фуқароларнинг қўллаб қувватлашига эришиш мақсадида 24 июн куни Москвада аввал қолдирилган Ғалаба парадини ўтказди.

Иккинчи Жаҳон урушида 1945 йилда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган ҳарбий парад аньанага кўра9 майда ўтказиларди. Коронавирус пандемияси туфайли бу йил Путин ҳарбий парад ўтадиган санани 24 июнга кўчиришга мажбур бўлди. Мазкур тадбир 1 июлга мўлжалланган Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича овоз бериш арафасида ўтказилди. Ўзгаритишлар қабул қилингудек бўлса Путин 2036 йилга қадар ҳокимиятда қолиш имкониятига эга бўлади.

Аввалига овоз бериш 22 апрелга белгиланган эди, аммо пандемия туфайли кейинга сурилди. Москва мэри Сергей Собянин аҳолига мурожаат қилиб уйда қолишга ва парадни телевизор орқали томоша қилишга чақирди.

Кенг қамровли парад ўтказилиши керак бўлган Россиянинг айрим шаҳарларида парадлар бекор қилинди ёки томошабинларсиз ўтказилиши борасида тавсия берилди.

Франция, Чех Республикаси, Хорватия ва Хитой раҳбарлари авваллари 9 майда бўлиб ўтадиган парадда қатнашиш учун Москвага келишга розилик билдирган эди, аммо парад 24 июнга кўчирилгани боис ўз режаларни ўзгартирдилар. Москвадаги бугунги тадбирда Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари, шунингдек ўзини мустақил дея эълон қилган Жанубий Осетия ва Абхазия (Грузиядан ажралиб чиққан минтақалар) раҳбарлари, шунингдек Босния ва Герцеговина Президиуми аъзоси Милорад Додик иштирок этди.

Қозоғистонда президент Қасим-Жомарт Тоқаевга Москвага бормаслик таклифи берилди. Бунга собиқ совет республикаларида Путиннинг яқинда Совет Иттифоқи таркибига кирган мамлакатлар борасидаги баёноти сабаб бўлди. Унинг баёнотига кўра, Совет Иттифоқи ташкил қилинаётган вақтда кўплаб республикалар «катта миқдорда Россия ерлари» ва «Россиянинг анъанавий тарихий ерларини» олган экан.

XS
SM
MD
LG