Ссылки доступа

Қаршидаги қурилишда бир одам ҳалок бўлди. Жиззахда қурувчи ўзини кранга осди


Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, 23 июнь куни соат 21:30да Қарши шаҳри, И.Каримов кўчаси “Насаф Травел” меҳмонхонаси биносининг чап томонидан қўшимча қурилаётган 5 қаватли бинонинг юк кўтарувчи темир-бетон конструкциялари қулаб тушган.

Бунинг оқибатида қурилишда ишлаётган бир киши воқеа жойида вафот этган. Вазирлик воқеанинг бошқа тафсилотларини очиқламади.

“Айни вақтда, ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда”, -дейилади хабарда.

23 июнь куни “Севимли” телеканалининг “Замон” ахборот дастури Жиззах вилояти Фориш туманидаги қурилишлардан бирида ишлайдиган 1997 йилда туғилган йигит ўзини қурилиш кранига осиб қўйгани ҳақида маълум қилди.

Хабарда айтилишича, О.Т., соат 04:30 ларда ўзи ишлайдиган 18 метрли кран ёнига келган ва ўзини осган. Орадан бир соат ўтгач, майдонни текшириб юрган қурувчи уни кранга осилган ҳолда топган.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеа “севган қизи билан жанжаллашиб қолган йигит ўзини осди” тариқасида талқин қилинган. Бироқ марҳумнинг яқинлари йигит “севган қизи учун ўзини осган”, деган хабарлар ёлғон эканини айтганлар.

Ҳозирча 23 ёшли йигит нега ўзини осгани сабаби номаълум бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG