Ссылки доступа

Мудофаа вазирлиги: Арисдаги ҳарбий қисм беш йилда тозаланиши мумкин


Бир йил аввал Туркистон вилоятининг Арис шаҳрида портлаш юз берган ҳарбий қисм худудларини тозалашга беш йил кетиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон Қуролли кучлари қуролланиш ва таъминлаш бошқармаси бошлиғи Асилбек Сатвалдинов баёнот берди.

Унинг айтишича, портлаш юз берган эпицентр худудида ишлар олиб борилмоқда, тозалаш ишлари эндигина бошланади. «Тезроқ якунлаш борасида гапиришга вақт эрта. Уч-беш йилда биз бу масалани ҳал қилишимиз мумкин», — деди Асилбек Сатвалдинов 24 июнь, чоршанба кунгибрифингда.

Унинг сўзларига кўра, портлашлар юз берган ҳудуд 500 гектардан ошиб кетади. «Умумий майдони 133 гектар бўлган худудларда тозалаш ишлари олиб борилди. <…> Йил давомида Арисдан 380 мингга яқин ўқ-дори фрагментлари олиб чиқилди, уларнинг салкам 300 минги портловчи жисмлардир», — дея қўшимча қилади Сатвалдинов.

Расмийларнинг баёнотига кўра Арисдаги омборда ракета-артиллерия қуролларининг ўқ дорилари, бошқариладиган зенит ракеталари, турли калибр тизимидаги снарядлар сақланган.

2019 йилнинг 24 июн куни Арисдаги ҳарбий омборда ёнғин юз берди ва ўқ-дорилар портлашини келтириб чиқарди. Расмий маълумотларга кўра, тўрт киши: икки ҳарбий, маҳаллий аҳоли вакили ва бир бола (эвакуация вақтида ЙТҲга учради) вафот этди. Портлашлар туфайли шаҳардаги уйларнинг 85 фоизи зарар кўрди, 20 дан ортиқ уй ёниб кетди. Орадан тўрт кун ўтиб 28 июн куни расмийлар шаҳар “тўлалигича тозалангани” ва Арис яшаш учун “хавфсиз эканлиги” борасида баёнот берди.

«Арис шаҳрида жами 8 626 уй бор эди. Фавқулотда вазият [ҳарбий омбордаги портлаш] туфайли 7 635 та уй зарар кўрди. Шундан 480 та уй қайта тикланиш учун яроқсиз деган хулосага келинди, 7 155 та уй таъмирланди», — деди брифинг вақтида шаҳар ҳокими Муратбек Қадирбек.

Ўтган ойда Чимкент гарнизонининг ҳарбий судида Арисдаги ҳарбий омборда юз берган портлаш иши бўйича жараён бошланди. Суд ўриндиғида 16 киши ўтирибди. Улар орасида Арисдаги ҳарбий қисм хизматчилари, мудофаа вазирлигидаги юқори лавозимли офицерлар бор. Тергов версиясига кўра, 44856 ҳарбий қисмнинг ўқ-дорилар сақланадиганомборида хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаган, омборга ҳаддан зиёд маҳсулот қўйилган, ўт ўчириш тизими бўлмаган.

Портлашдан сўнг расмийлар ўқ-дори омборини сўнгги 10 йилда тўртта йирик ҳодиса юз берган шаҳардан ташқарига олиб чиқишга ваъда берди. Аҳоли хукуматга мурожаат қилиб ўзларини ҳарбий омборлар бўлмаган бошқа аҳоли пунктларига жойлаштиришни ва ер участкалари берилишини илтимос қилишди. Уларнинг илтимоси бажарилмади.

XS
SM
MD
LG