Ссылки доступа

Тожик социал-демократлари етакчиси: партиямиз аъзолари мамлактда таъқиб қилинади


Рахматилло Зойиров
Рахматилло Зойиров

Тожикистон социал-демократларининг етакчиси мамлакат бўйлаб партия аъзолари ва тарафдорлари таъқиб қилинишидан нолимоқда.

ТСДП раҳбари Рахматилло Зойиров 23 июн куни ижтимоий тармоқларда ўз баёнотини тарқатди. Унда таъкидланишича, маҳаллий ҳокимият идоралари социал-демократларни таъқиб қилмоқда, таҳдид кўрсатмоқла ва қўрқитмоқда. Мамлакат расмий тузилмалари бу баёнотга муносабат билдирмади.

Зойировнинг баёноти ўтган ҳафта партия раиси ўринбосари Махмурод Одинаев Ғисор туман куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралари Германиянинг Душанбедаги элчихонаси вакиллари билан учрашувига тўсқинлик қилгани борасида берган баёнотидан сўнг янгради. Учрашувда қийноқлар ва бошқа масалалар мухокама қилиниши керак эди.

Зойировнинг ёзишича, таъқиблар бир неча ойдан бери давом этмоқда: «ТСДПнинг Вахдат тумани бўлими раиси иш жойида ва яшаш жойида таъқиб қилинмоқда. ТСДПнинг Гарм тумани фаолига нисбатан жиноий ишни уюштиришди ва қамоққа ташлашди, биз аранг уни чиқариб олдик. Мен Бузургмехр Ёров ёки Шухрат Қудратов ҳақида гапирмайман, уларнинг ҳар иккиси ТСДП Сиёсий Кенгашининг аъзоларидир. Ёров ҳамон қамоқда, Қудратов эса озод қилинган ва Москвада яшамоқда. Ғисор туманида ноқулай вазият юзага келган. Узоқ йиллардан бери Махмурод Одинаев ва унинг фаоллари таъқиб остида».

Унинг сўзларига қараганда, Адлия вазирлигига бериладиган партиянинг бошланғич ташкилотлари, ТСДП Сиёсий Кенгаши аъзолари борасида маълумотлар ҳам бўлган йиллик ҳисоботлар милиция ходимлари қўлига тушади ва улар рўйхат бўйича аъзоларни таъқиб қилади. «Мен шахсан ўзим Адлия вазирлига берилган ҳисоботимизнинг нусхасини участка нозирининг қўлида кўрдим», - дейди Зойиров.

Тожикистон Адлия вазирлигидаги манба 24 июн куни Радио Озоди билан суҳбатда ТСДП етакчисининг сўзларини инкор қилди, ҳамда «ҳеч кимга ҳеч қандай маълумот берилмаганини» таъкидлади. У биз билан номини ошкор қилмаслик шарти билан гаплашди ва бошқа қўшимча маълумот бермаслигини айтди.

Социал-демократлар бу каби таъқиблар ноябрь ойида бўлиб ўтиши кутилаётган президентлик сайловлари арафасида босим кўрсатиш усулларидан бири эканлигини айтишади.

ТСДП аъзоси Шуҳрат Қудратовнинг айтишича, қамоқдан озод бўлиши билан маҳаллий расмийларнинг босими туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлибди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Тожикистонда сайловлар арафасида босимлар ва таъқиблар оддий кўринишга айланган. Амалдаги президент Эмомали Раҳмон 1994 йилдан бери бўлиб ўтган тўртта президентлик сайловларидағалаба қозонган.

Тожикистонда мухолифат тарафдорларининг таъқиб қилиниши – янги кўриниш эмас. Авваллари ҳамТСДП раҳбарияти таҳдидлар ва ҳужумларга дуч келган. Жумладан, 2015 йилда бир гуруҳаёллар ТСДП идорасига бостириб кирган ва Зойировнинг матбуот анжуманини тўҳатиб қўйган эди.

Социал-демократик партия 1998 йида рўйхатга олинган, ўшанда Зойиров президент Эмомали Раҳмоннинг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси эди. Упартия Адлия вазирлигида рўйхатга олинганидан сўнг президент маслаҳатчиси лавозимидан кетди ва ҳамон ТСДПга раҳбарлик қилади.

Халқаро ташкилотлар Тожикистон ҳукуматини мухолифат партиялар ва сиёсий фаолларни таъқиб қилишда айблайди. Аммо Тожикистон расмийлари мунтазам равишда мамлакатда фуқаро ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларга амал қилинишини айтиб келади.

XS
SM
MD
LG