Ссылки доступа

Бердимуҳамедов «ишончли хабар» тарқатиш мақсадида туркман мессенджерини таклиф қилди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 24 июн куни бўлиб ўтган амалий мажлисда «аҳолига ишончли маълумотларни тарқатиш мақсадида замонавий интернет-хабарлар тизимини яратиш» зарурлигини таъкидлади.

Бердимуҳамедов шунингдек туркман ОАВга “миллий иқисодиётнинг барча тармоқларида қўлга киритилаётган ютуқларни” жаҳон ҳамжамиятига етказиш учун машҳур ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш лозимлигини топширди.

Бу каби ютуқлар сифатида Туркманистон президенти йирик саноат корхоналарининг қурилишини, "транспорт соҳасидаги йирик халқаро лойиҳаларни", шунингдек, унинг таъбири билан айтганда “жаҳон даражасида” ёритилиши керак бўлган бошқа лойиҳаларни санаб ўтди. Унинг айтишича, бунинг учун "миллий сайтлардан фойдаланиш ва замонавий технологияларни жорий қилиш керак".

Туркманистон ёпиқ мамлакат ҳисобланади, бу мамлакатда фақат давлатга тегишли оммавий ахборт воситаларигина фаолият юритади. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоити ҳар йили эълон қиладиган "Матбуот эркинлиги Индекси"да Туркманистон сўнги ўринлардан бирини эгаллади, энг охирги ўринда Шимолий Корея туради. Энг қаттиқ цензура мамлакатлари орасида Туркманистон учинчи ўринда турибди. Мазкур ҳисоботнинг Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасидан бўлган муаллифларининг фикрича, Туркманистонда "оммавий ахборот воситалари давлат жарчиси сифатида хизмат қилади ва ҳар қандай мустақил журналистика сургун қилинган".

2020 йил февралида Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов давлат муассасаларига мурожаат қилиб ўзларининг веб-сайитларини очиш борасида кўрсатма берди. 2019 йил декабрида Тукманистон давлат медиаси президентнинг ўғли - ўша вақтда Ахал вилояти раҳбари бўлиб ишлаётган Сердар Бердимухамедов бошқа минтақалар орасида биринчи бўлиб давлат бошқарувида электрон ҳужжатларни жорий қилгани борасида хабар тарқатди. Шундан бир ҳафта ўтиб кичик Бердимухамедов “рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашиш мақсадида” бошқа вилоятлар раҳбарлари билан учрашди.

XS
SM
MD
LG