Аввалига, Онайгуль Досмагамбетов маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар тарқатилди. Ундан кейин полиция биносида унинг ўғли Қайрат Досмагамбетов ва бошқа ушланганлар Ермухан Иманалиев, Муханбет Серикбаев, Даулетбек Садвақасовга ҳукм чиқарилди.
Ушланганларни полиция бўлимига олиб келганлардан бири ўз номини ошкор этмаган ҳолда, Азаттиқ мухбирининг уларга нима учун адвокат берилмади, деган саволига: «уларнинг ўзи бундан воз кечди», деди.
Ушланганларни “фуқароларни қабул қилиш” хонасига олиб кириб улар устидан ҳукм чиқарилди. Ушланганларни қўллаб-қувватлаш мақсадида келган журналист ва фаоллар эълон қилинган “очиқ” суд жараёнига киритилмади. Қабулхонага ўрнатилган монитор «техник сабабларга кўра» ишлатилмади. Онлайн-суд жараёни тахминан ярим соат давом этди.
Нефтчиларнинг норозилик намойишлари фаоли, икки йил муқаддам оғир касаллик (қамоқхонада юқтириб олган) туфайли вафот этган Мақсад Досмагамбетованинг онаси Онайгул Досмагамбетова кечагиакцияга кичик ўғли Қайрат Досмагамбетов билан келди. У 2011 йил декабрида бўлиб ўтган тинч намойиш ўққа тутилиши туфайли тиззасидан жароҳат олган ва 20 та операция қилинган эди. Акциянинг бошқа иштирокчилари –нефтчилар Ермухан Иманалиев ва Муханбет Серикбаевлар ҳам Жанаозен ҳодисаларининг жабрдийдалари ҳисобланадилар. Уларга қўшилиб норозиликка чиққан Даулетбек Садвақасовнинг айтишича, иш ташлашлар бостирилганидан сўнг икки ой ҳибсда ушлаб турилибди.
Қозоғистон президенти қароргоҳи ва мамлакат парламенти палаталари бинолари яқинида тўпланганлар ўз муаммолари ҳақида гапирдилар ва иш билан таъминланишларини талаб қилдилар. Улар давлат идоралари, шунингдек «Озенмунайгаз» компаниясига қилинган мурожжаатлар самара бермаганини айтишди, ҳамда ўз талаблари бажарилмагунга қадар ва ўзлари билан «Озенмунайгаз» раҳбарияти учрашмагунга қадар тарқалмасликларини айтишди.
Полициянинг махсус бўлинмаси ходимлари беш кишини ушлади, уларни автозакка ўтқазиб участкага олиб кетишди, ундан аввал ҳодиса жойига етиб келган хокимият вакили Муҳамед Шамшиев акция «ноқонуний» эканлигини маълум қилди.
Жанаозендаги ишсизлар томонидан ўтган йили ўтказилган норозилик акциялари бу йил январда ҳам давом этди, аммо маҳаллий фаоллар ўзларига босим ўтказилаётгани ҳақида баёнот берганларидан кейин тинчиган эди. Ўтган йилги норозилик намойиши етакчиларидан бири, шаҳарда яшовчи Ержан Елшибаев октябрда беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди, у норозиликлар билан боғлиқ бўлмаган бошқа бир иш - 2017 йилги ҳодиса бўйича ҳукм қилинди. Елшибаев ва унинг тарафдорлари ўзларига қўйилган “тан жароҳати етказиш” айби сиёсийлаштирилганини айтишди. Қозоғистон ҳуқуқ ҳимоячилари уларни сиёсий махбус дея тан олди.
2011 йил 16 декабрида Мангистау вилоятининг Жанаозен шаҳрида полиция меҳнат шароити яхшиланиши ва маошлар оширилишини талаб қилиб бир неча ойдан бери иш ташлаган нефтчиларга қарата ўқ узди. Расмий маълумотларга қараганда, Жанаозен ва Шетпе станциясидаги намойишчилар ўққа тутилиши оқибатида камида 17 киши вафот этди ва юзлаб кишилар жароҳат олди.