Ссылки доступа

Сардобаликларнинг тошқин вайрон қилган уйи ўрнида уй қуриб бериш талаби рад этилди; норозиларни ИИБ олиб кетди (видео)


Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан яшаб бўлмас ҳолга келган уйлари ўрнида уй қуриб беришни талаб қилаëтган сардобаликлар 25 июнь куни мажбуран автобусга солиниб¸ ИИБ томонидан олиб кетилди.

25 июнь куни Сардоба туман “Дўстлик” МФЙда жойлашган коттежлари сув тошқини етказган зиëн оқибатида яшашга яроқсиз деб топилган уй эгаларидан 20 га яқини¸ гувоҳларнинг айтишича¸ туман ички ишлар ходимлари томонидан "тортқилаб¸ мажбурлаб "махсус автобусга солиниб¸ олиб кетилди.

Олиб кетилганлар яқинларининг айтишича¸ аксарияти аëллардан иборат бўлган норози уй эгалари эрталаб мазкур ҳудудга келган Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров билан гаплашмоқчи бўлиб¸ у ўтирган машина олдига чиққан.

Ҳоким тўхтаб¸ тўпланганларга "уй қурилмаслиги¸ домга чиқиш кераклиги"ни айтган ва кўп ўтмай ИИБ ходимлари аëлларни “йўлтўсарлик”да айблаб¸ уларни ички ишлар бўлими биноси эмас¸ балки унинг яқинида жойлашган мусиқа мактабига олиб келишган.

“Эрталабки соат 10 ларда олиб кетишгани бўйича¸ ҳалиям туман марказидаги мусиқа мактабида қамаб ўтиришипти. Ҳокимни тўхтатиб¸ ёлғон ваъдаларига изоҳ талаб қилингани туширилган видеони қидиришяпти экан. Кейин телефонларини олиб қўйишди шекилли¸ бошқа боғлана олмаяпмиз. Ҳаммасининг телефони ўчган”¸ деди ИИБ олиб кетган аëллардан бирининг яқини.

Сардоба туман ҳокими ëрдамчиси ҳоким Абдуазим Хидировнинг 25 июнь куни эрталаб 1-совхоз ( “Дўстлик” МФЙнининг эски номи -таҳр.)га ғалла ўримини назорат қилиш учун кетганини тасдиқлади.

Айни пайтда бу мулозим аëлларнинг ҳоким машинаси йўлини тўсган-тўсмагани ва уларнинг ИИБга олиб кетилганидан бехабарлигини билдирди.

1 май куни Сардоба сув омборида рўй берган техноген фалокат оқибатида бу омборга энг яқин жойлашган “Дўстлик” МФЙдаги уйлар энг кўп талафот кўрди.

Биринчи қаторда жойлашган уйлар шифтига қадар сув тагида қолди¸ бу уйларда яшаб келганлар ҳозирга қадар қўшни туманлардаги коллеж биноларида эвакуация қилинганича қолмоқда.

Бу уйларни текширган махсус комиссия мутахассислари улардан 28 тасини яшаш учун яроқсиз деб топиб¸ бузишга қарор қилди.

"Дўстлик" маҳалласидаги 28 та коттеж¸ сув тошқини етказган зиëн ортидан мутахассислар томонидан мутлақо таъмирлаб бўлмас, бутунлай яроқсиз аҳволга келган ва сейсмик жиҳатдан хавф­ли деб топилди.

Улардан 8 таси 8 июнь куни¸ эгалари эвакуация ҳудудида яшаб турган пайтда¸ уларни огоҳлантирмай¸ бузиб ҳам ташланди. Бузилган уйлар ва бузилиши белгиланган қолган 20 коттеж эгалари уч ҳафтадан бери ўз уйлари ўрнида уй қурилишини талаб қилиб келмоқда.

Сирдарë вилоят ҳокимлиги масъули бузиладиган 28 та коттеж ўрнига айни типда уй қуриш нархи ҳар иккитаси учун 590 миллионга тушиши ва талабни башариш учун керак 8 миллиард 260 минг сўмни қаердан топиш савол остида эканини билдирган эди.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонинг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Бу борада очилган жиноят иши тафсилотлари ҳозирча жамоатчиликка эълон қилинган эмас.

XS
SM
MD
LG