Ссылки доступа

Тожикистонда мансаб жиноятлари учун жазо кучайтирилди


Тожикистон парламентининг қуйи палатаси мансаб жиноятлари учун жазони кучайтирди. Эндиликда давлат амалдорлари, жумладан солиқ ва божхона идораларининг ходимлари хизмат ваколатларини суиистеъмол қилса, мажбурий тўлов ва солиқларни яширса, ёки камайтириб кўрсатса катта миқдорда жаримага тортилади.

Президент Эмомали Раҳмон молия, банк, божхона ва солиқ хизматлари ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда уларнинг фаолиятини кескин танқид қилганидан бир йил ўтиб мансаб жиноятлари учун жазо кучайтирилиши жорий қилинмоқда. Ўшанда Раҳмон божхоначи Шаҳбос Ражабзодани “кичик сўроққа” тортган эди. Чунки у икки марта президентни алдагани давлат раҳбарининг жаҳлини чиқарган эди.

Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, эндиликда божхона ва солиқ идораларининг ходимлари божхона тўловлари ва солиқ йиғимларида кўзбўямачилик қилгудек бўлса катта миқдорда - 5800 сомонидан 11600 сомони ($580-$1160)гача жаримага тортилади. Ўз ҳамкасбларининг жиноятини яширган Божхона хизмати ва Солиқ Қўмитаси амалдорлари ҳам худди шу каби жазога тортилади. Авваллари қонунчиликда мансаб жиноятларини яширганлар учун жазо бериш кўзда тутилмаган эди.

Тожикистон Адлия вазири Музафар Ашуриён 24 июн куни парламент қуйи палатаси депутатлари олдида сўзлаган нутқида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш, контрабанда, давлат маблағларини ўзлаштириш ёки растрата, товарлар очиқ савдосида аукцион қоидаларини бузганлик учун жазо чоралари кучайтирилганини айтди. «Хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш, давлат маблағларини ўзлаштириш ёки растрата учун жазо кучайтирилади. Эндиликда бу каби жиноятлар учун беш йилгача қамоқ жазоси берилади ёки жаримага тортилади», дея қўшимча қилди Молия вазири. Авваллари ТР Жиноят кодексида Хизмат ваколатларини суистеъмол қилиш, давлат маблағларини ўзлаштириш ёки растрата учун уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган эди.

Шу йил бошида Халқаро Иқтисодий форум эълон қилган рейтингда Тожикистон дунёдаги 20 та коррупциялашган давлат рўйхатига киритилди.

XS
SM
MD
LG