Ссылки доступа

Гулнора Каримовага тегишли бўлган «Сижжак» оромгоҳини сотувга қўйиш режалаштирилмоқда


Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Сижжак мавзесидаги «Сарбоғ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Сижжак» дам олиш масканини оммавий савдолар орқали шаффофлик принципи асосида сотувга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.

“Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, “Сижжак” мавзеси, Сарбоғ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Сижжак” дам олиш оромгоҳини оммавий савдолар орқали, шаффофлик принципи асосида сотади”, дейилган агентлик хабарида.

Хабар берилишича, агентлик тасарруфидаги мазкур мажмуанинг умумий ер майдони бино ва иншоатлари билан биргаликда 5,38 гектарни ташкил этади. Айни дамда хусусийлаштириш бўйича ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.

“Сижжак” дам олиш оромгоҳи Гулнора Каримовага тегишли бўлган. Оромгоҳда меҳмонхона, бир нечта ҳовуз, амфитеатр, коттеж ва бошқа иншоотлар мавжуд. Ушбу оромгоҳга 2017 йил 10 февралда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан санкция қўйилган.

2019 йилда оромгоҳ Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви ва шахсий хавфсизлиги хизмати раҳбари Отабек Умаровнинг раҳбарлигида бўлган Ўзбекистон Триатлон федерациясига машғулот базаси сифатида фойдаланиш учун берилган. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.

XS
SM
MD
LG