Ссылки доступа

"СамАвто"нинг камида икки ходимида коронавирус аниқлангач корхонада ётоғи билан ишлаш тўхтатилди


Самарқанд шаҳридаги мингдан зиёд одам ишлайдиган "СамАвто" автомобиль заводининг камида икки ходимида коронавирус аниқланиши ортидан корхонанинг юзга яқин ишчиси 14 кунлик карантинга олинган.

Бу маълумотни "СамАвто" автомобиль заводининг бир-биридан мустақил тўрт нафар ходими тасдиқлади. Уларга кўра, коронавирус завод тиббиëт ходимларидан бири¸ ҳамда асбоб таъминоти цехи ходимида аниқланган.

"СамАвто" автомобиль заводининг хавфсизлик бўйича бошлиғи Рустам Ҳамроев коронавирус ҳолатларини инкор этмади, айни пайтда тафсилотларни очиқлашни истамади.

Ишчилар завод раҳбарияти "СамАвто"нинг карантинга ёпилишидан қўрқиб​¸ вирус тарқалишининг ҳақиқий масштаби ҳақидаги маълумотни яшираётганидан хавотирда эканини билдирди.

"СамАвто" автомобиль заводининг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси заводнинг бир ходимида ўтган ҳафта, яна бир ходимида 22 июнь куни коронавирус аниқланганини айтди.

- Олдинига заводимиздаги врачлардан бирида коронавирус чиқди. Кейин цехимиз мастерида ҳам аниқланди. Шу врачдан бошқаларга юққан¸ деган тахмин бор. Мастеримизда касаллик белгилари ўтган жума куни 15 кунлик сменадан чиққанидан сўнг пайдо бўлди. Сменадан уйига қайтганидан кейин иситмаси чиққан, ўз ихтиёри билан шифохонага борган. Мана шу душанба куни коронавирусга текширувлар позитив эканини кўрсатган.

"СамАвто"нинг коронавирус аниқланган икки ходими, ҳамкасбларининг айтишича, Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Улардан бирининг аҳволи оғир, касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётибди.

Апрель ойи ўрталаридан буён "Ўзавтосаноат" таркибидаги бошқа автомобиль заводларида бўлгани каби "СамАвто"да ҳам ходимлар коронавирус карантини даврида уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётган¸ юзлаб ишчи ҳар куни бир жойда ётиб¸ бир жойда овқатланаётган эди.

"СамАвто"нинг раҳбар ходимларидан бири ходимларда коронавирус аниқланиши ортидан завод ҳудудида 15 кунлик ётоғи билан қолиб ишлаш 22 июнь кундан бекор қилингани¸завод фаолияти тўхтатилмаганини айтди. "Ўзaвтосаноат" таркибидаги бу заводларда ҳозирча ётиб ишлаш бекор қилинмаган.

"СамАвто"нинг ходимларидан бири коронавирус юқтирганлар ва юқтирган деб гумон қилинаётганлар иккитадан кўп бўлиши мумкинлигини айтади.

- Ҳозир ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, завод раҳбарияти касалликни яширяпти. Чунки масштаб кўплиги ошкор бўлса, завод ёпилиши керак. Раҳбарият буни истамайди. Мен ҳам ҳамкасбларим ҳам шу касаллик аниқланган ходимлар билан бир жойда ётганмиз, икки ҳафтадан кейин чиқиб бошласа керак бошқаларда ҳам.

Ўзбекистонда 26 июнь куни коронавирус инфекциясига чалинганлар сони¸ Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра¸ 8 минг нафарга етиб қолди.

XS
SM
MD
LG