Ссылки доступа

Тоқаев Қозоғистонда карантин кучайтирилишни таклиф қилди


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳукумат аъзолари иштирокида бўлиб ўтган видеоконференцияда мамлакатда жиддий карантин жорий қилиш борасида таклиф бериш учун 2 кун муддат берди. Унинг айтишича, 11 май (карантин бекор қилинган кун)дан бери COVID-19га чалинганлар сони етти баробар ошган.

"Ҳозирги эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш учун фавқулотда чоралар кўриш мақсадида Давлат комиссиясига шу йилнинг март-май ойларда амал қилинган кескин карантин чораларини қайтариш масаласига бағишланган таклиф ишлаб чиқиш ва менга тақдим қилиш учун икки кун муҳлат бераман", – деди президент.

Тоқаевнинг сўзларига қараганда, беморлар сонининг ошиб кетиши “фавқулотда ҳолатдан ташқарида самарали ишламаган” айрим давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимиятларнинг фаолиятидаги камчиликлар билан боғлиқдир. У муассасалараро комиссия ва Соғлиқни сақлаш вазирлигини танқид қилди, ҳамда Нур-Султон, Олмаота, Чимкент шаҳарлари, Оқтобе ва Павлодар вилоятлари ҳокимларига камчиликларини кўрсатиб ўтди.

Тоқаев барча молиявий ва инфратузилмавий ресурсларни жалб қилишни, ортиқча ҳаражатлардан воз кечишга ва бу пулларни эпидемияга қарши курашга йўналтиришга чақирди, шунингдек пандемиянинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўриш мақсадида юқимли касалликлар койкалари сонини 50% ошириш кераклигини айтди. Минтақаларга мавжуд заҳиралардан фойдаланиш, жумладан хусусий ва муассасалараро тиббиётдан фойдаланиш топширилди.

Қозоғистон президенти ҳукуматга мурожаат қилар экан узоқ муддатли коронавирус пандемиясига тайёргарлик кўришга чақирди. Шу муносабат билан яқин келажакда қозоғистонликлар ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида миллий режа ишлаб чиқишни топширди.

Қозоғистонда ҳукумат 20–21 июндан айрим карантин чораларига қайтишни эълон қилди: дам олиш кунлари савдо марказлари ва бозорлар, парк ва хиёбонлар ёпилди, жамоат транспорт ҳаракати чекланди ва 65 ёшдан катталарнинг кўчага чиқиши тақиқланди. Бу карантин чоралари яқинда сусайтирилганидан сўнг касаллар сонининг бирданига кўпайиб кетиши билан боғлиқ.

Олмаота, Нур-Султон ва айрим минтақаларда шифохоналар тўлиб кетган, у ерда зотилжамга чалинган беморларнинг шифохоналарга ётқизилиш ҳолатлари ошиб бормоқда. Олматоада 24 июн ҳолатига кўра, шифохоналарнинг 95% тўлган, 29 июнда маълум бўлишича, расмийлар "Халық Арена" спорт саройига юқимли касалликлар шифохонасини жойлаштирмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда 37 966 кишининг COVID-19га чалингани қайд қилинган. Расман 21 327 киши коронавирусга чалинган. 3 июндан расмий статистикага ташқи аломатлари бўлмаган 16 639 бемор киритилмаган, улар уйда ихоталанган ҳолда даволанмоқда. Сўнгги бир кеча кундузда Қозоғистонда коронавирус 1 613 кишида аниқланди.

XS
SM
MD
LG