Ссылки доступа

Ҳукм қилинган мухолифатчи Зубайдуллои Розиқнинг ўғли Душанбедаги СИЗОга жойлаштирилди


Асрориддин Розиков
Асрориддин Розиков

Тожикистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитаси ходимлари томонидан мамлакатда фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) раҳбарияти аъзоси, қамоқда ушлаб турилган Зубайдуллои Розиқнинг ўғли Асрориддин Розиқов ушланди.

Бу ҳақда ҳукм қилинган мухолифатчининг қариндошлари 29 июн куни Радио Озодига маълум қилди. МХДҚ ҳозирча бу хабарни тасдиқламади ва инкор ҳам қилмади. Мухолифатдаги сиёсатчининг ўғли ушлангани борасида аввалроқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хабар берган эди.

«Бизга МХДҚнинг ходими қўнғироқ қилиб Асрориддин 1-сонли тергов изоляторига ўтказилгани борасида маълум қилди», дейди ҳибсга олинганнинг укаси Ҳисомиддин Розиқов. Унинг сўзларига қараганда, аввалроқ хавфсизлик хизмати ходимлари Асрориддин шанба куни уйга қайтишини ваъда берган эди. «Бугун акам МХДҚга бориб Асрориддиннинг тақдири ҳақида маълумот олмоқчи эди. У ерда ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас, кутишнинг ҳожати йўқлигини айтишган. Бизнинг фикримизча, Асрориддин аллақачон СИЗОга жойлаштирилган», дея қўшимча қилади Ҳисомиддин Розиқов.

38 ёшли Асрориддин Розиқовнинг қариндошларининг хабар қилишича, у 26 июн куни «Корвон» бозорига кетаётганида ушланган. У бу бозорда болалар кийимларини сотарди. Ўзини Нурали Баротов дея таништирган ҳамкасбларидан бирининг айтишича, Асрориддин бир неча кундан бери иш жойида йўқ.

Асрориддинни ҳибсга олиш учун ҳукуматда сабаблар йўқ, дея ишонишади мухолифатчининг оила аъзолари. Улар ҳибсга олишнинг асосий мақсади ТВда исломий партия раҳбариятини танқид қилишни истамаётган Зубайдуллои Розиққа таъзиқ ўтказиш усулларидан бири эканлигини айтишади.

76 ёшли Зубайдуллои Розиқ 2015 кузида ТИУП раҳбариятининг бошқа аъзолари қаторида ҳибсга олинган эди, ҳукумат уларни Тожикистон мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Абдухалим Назарзода бошчилигидаги исёнга алоқадорликда айблаб чиқди. 2016 йилда Розиқ 25 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

28 июн куни Зубайдуллои Розиқ қариндошларига хабар қилиб назоратчилар ўзининг ёнидан муқаддас Қурьони Каримни ва коронавирусдан ҳимояланиш воситасини топганини ва шу сабабли беш кунга жарима изоляторига жўнатилганини маълум қилди.

Пойтахтдаги N1 қамоқхонанинг ўз исмини ошкор қилишни истамаган ходимининг айтишича, Зубайдуллои Розиқ жарима изоляторига жойлаштирилган. Манба махбус нима учун жазоланганини билмаслигини айтди.

XS
SM
MD
LG