Ссылки доступа

Эрон Сулаймоний ўлими туфайли Интерполдан Трампга нисбатан қидирув эълон қилишни сўради


Теҳрон 2020 йил бошида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгани муносабати билан АҚШ президенти Дональд Трампни ҳибсга олишга ордер берди..

Эрон прокуратураси Трампга нисбатан халқаро қидирув эълон қилиш талаби билан Интерполга мурожаатнома йўллади.

Интерполга юборилган рўйхатда Трампдан ташқари яна 35 кишининг номи бор. Эрон расмийлари фикрича, улар Сулаймонийнинг ўлимига дахлдор кишилардир. Теҳрон уларни қотиллик ва террорчиликда айбламоқда.

АҚШ нашрларининг ёзишича, Интерполнинг Теҳрон илтимосини қондириш эҳтимоли йўқ ҳисоби. Агентликнинг фаолият тамойили унга сиёсий характерга эга бирор-бир иш-ҳаракатни амалга оширишни тақиқлайди.

Оқ уй Теҳроннинг мазкур баёноти юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ.

Эрондаги Ислом инқилоби посбонлари корпуси “Ал-Қудс” махсус бўлинмаси раҳбари Қосим Сулаймоний жорий йил 3 январида Бағдод шаҳрида АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди. Теҳрон бунга АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета отиш билан жавоб берган. Ўшанда америкалик ўнлаб ҳарбий яраланганди.

XS
SM
MD
LG