Ссылки доступа

Ҳукм қилинган Қирғизистон собиқ президенти Атамбаев икки томонлама зотилжам туфайли шифохонага ётқизилди


Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев икки томонлама зотилжам туфайли шифохонага ётқизилди, дея хабар берди Миллий хавфсизлик Давлат қўмитаси.

МХДҚнинг таъкидлашича, Атамбаев ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтиб мурожаат қилганидан сўнг COVID-19 учун анализ олинди – ташхис тасдиқланмади.

"Шу куни шифокорлар иштирокида онлайн-консилиум ўтказилди, шундан сўнг собиқ президентга "икки томонлама зотилжам" ташхиси қўйилди. Шифокорлар Алмазбек Атамбаевни стационар даволаш учун шифохонага ётқизиш борасида қарорга келишди", – дея хабар беради МХДҚ. Коронавирус аломатлари собиқ президент адвокат Замира Жоошевада ҳам аниқланди.

Муассасанинг таъкидлашича, Атамбаев сақланаётган СИЗОда, "коронавирус бўйича республика штабининг зарур барча талабларига қатъий амал қилинмоқда, мажбуран қўлқоп ва ниқоб тақилмоқда, ижтимоий масофа сақланмоқда". "Тергов изоляторида барча ходимлар текширилди. Уларда коронавирус инфекцияси аломатлари аниқланмади", – дея қўшимча қилинади идора хабарида.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев оиласининг ишонишича, унга МХДҚ СИЗОсида атайлаб касаллик юқтирилган. Бу борадаги баёнот Facebook'даги саҳифасида унинг ўғли Сеид Атамбаев томонидан берилди.

Унда таъкидланишича, «ҳибсга олинганлар орасидан камида 10 кишида COVID-19 аниқланган».

«МХДҚ СИЗОсидаги махбусларнинг қариндошлари орқали бизга маълум қилишларича МХДҚ СИЗОси ходимларининг ҳаммасида, жумладан тергов изолятори бошлиғида коронавирус гумони бор. МХДҚнинг Алмазбек Атамбаев касаликни шундоқ ҳам ойна ва ҳимоя ниқоблари билан учрашадиган оила аъзолари ва адвокатларидан юқтирган бўлиши мумкин, деган фикрлари ғирт абсурд», - дея ёзди Сеид Атамбаев.

Унинг айтишича, Атамбаев қариндошларини огоҳлантирмасдан махфий равишда СИЗОдан олиб чиқилган, собиқ президент ҳозир қаердалиги аниқ эмас.

«Бундан ташқари, пайшанба кундан бошлаб Алмазбек Атамбаевга МХДҚ СИЗО вакиллари сохта илмий гомеопатик препарат ишлаб чиқариш билан машҳур «Материа Медика Холдинг» компаниясининг «Эргоферон» дорисини берганини билдик. 2018 йилда Таълим ва Фан вазирлиги «Материа Медика Холдинг» компаниясига “энг зарарли лойиха учун” мукофот берган эди. Фикримизча, 2019 йил 7-8 август кунлари Алмазбек Атамбаевни ўлдиришга бўлган муваффақиятсиз уриниш мана шу кўринишда давом этмоқда», - дея баёнот берди собиқ президент қариндошлари.

23 июн куни Бишкек суди Қирғизистон собиқ президентини мол-мулки мусодора қилиш билан 11 йил ва икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш борасида ҳукм чиқарди. У жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича корррупцияда айбдор деб топилди.

Атамбаев шунингдек, давлат унвонлари, мукофот, орден ва президентнинг номли соатидан маҳрум қилинди.

Собиқ президент Атамбаев 2019 йил августида расман ҳибсга олинди ва коррупция бўйича айбланди. Қирғизистон МХДҚ махсус бўлинмаси Атамбаевни 8 август куни Қой Тошдаги қароргоҳини иккичи бор ҳужум қилганидан сўнг ушлади. Куч ишлатиш салоҳиятига эга идора ҳодимлари ва собиқ президент тарафдорлари ўртасидаги тўқнашув вақтида махсус бўлинманинг бир ходими ҳалок бўлди, салкам юз киши жароҳат олди.

XS
SM
MD
LG