Ссылки доступа

15 сўхлик иш ҳақи камлиги ва шароит ёмонлиги учун Olmazor City қурилишини ташлаб кетди (видео)


Бош вазир Абдулла Арипов таклифи билан Тошкентдаги Olmazor City қурилишига ёлланган сўхликлар маошнинг озлиги ва шароитнинг ёмонлигидан норози бўлиб ишни ташлаб, Фарғонага қайтди.

15 нафар сўхлик 29 июнь куни Фарғонага етиб келгани ва энди Сўхга йўл ёпиқлиги боис, Фарғонада қолаётганини айтди.

Сўхликларга кўра, улар бош вазир ваъда қилганидан паст берилган меҳнат ҳақи ва санитария талабларига зид шароитдан қониқмай, ишни ташлаган:

- Сўхда оддий ишчилар 2 миллион сўм, усталар 4 миллион сўмдан ойлик оласизлар, дейишди. Бизга 1 миллион 800 минг сўмдан ойлик берамиз, дейишди. Хўп, деб иш бошладик. Лекин, шароити ҳам жуда оғир эди - 15 кишига битта душ, унда ҳам иссиқ сув баъзан йўқ. Тушликка ош-пош бериб туришди, лекин ҳар оқшом бир хил овқат - макарон шўрва, 2 бўлак нон. Ишлаб бўладиган шароит эмасди бу, - деди ўзини Азиз Умаров деб таништирган 18 яшар сўхлик.

Сўхликларнинг айтишича, 28 июнь куни Olmazor City қурилиш майдончасини 15 сўхлик тарк этган ва ундан олдин ҳам, у ерни тарк этган 10дан ортиқ сўхлик Фарғонада карантинда сақланмоқда. Айтишларича, улар вилоят ҳокимлиги биносидан карантин ҳудудига йўлланган.

- У ерда сизлардан коронавирус учун таҳлил олишади. 6 соат ичида сизда вирус бор-йўқлиги маълум бўлади. Агар йўқ бўса, тиббиёт маълумотномасини оласизлар, чиқасизлар, дейишди. Лекин, Сўхга ўтказиш масаласида аниқ жавоб беришмади. Кутаяпмиз, - деди Азиз Умаров.

Фарғона вилоятининг тўлиғича Қирғизистон ҳудуди билан ўралган эксклав тумани - Сўхга йўл ёпиқ. Сўхлик ишчилар шу йилнинг 8 июнида Бош вазир таклифи асосида махсус автобуслар билан Сўх туманидан олиб чиқилган эди.

Шу йилнинг 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасининг баҳсли ҳудудидаги Чашма булоғи устида икки давлат ватандошлари ўртасида тўқнашув чиққан ва бунинг ортидан Сўхга борган Бош вазир Абдулла Арипов, 500 сўхликка Тошкентдан яхши маошли иш ваъда қилган эди.

Сўх туман ҳокимлиги 8 июнь куни эълон қилган расмий маълумотга кўра, жами 500 сўхлик Тошкент шаҳридаги қурилиш объектлари учун ишга ёлланган.

Тошкентдаги қурилишларнинг асосий қисмини эса айнан Discover Invest ширкати амалга оширмоқда. Ширкатнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида маълум қилинишича, пойтахтда кўпқаватли тураржой ва бизнес комплекслари, савдо мажмуаларидан иборат 20 га яқин янги лойиҳаларни амалга оширган.

Discover Invest, компания расмийсининг айтишича¸ Akfa Group ҳолдингига қарашли. Бу ҳолдинг акцияларининг 70 фоизи эса¸ Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) ​томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашлидир.

XS
SM
MD
LG