Ссылки доступа

Дори етишмаслиги сабаб ўнлаб аёллар Нур-Султонда норозилик намойишига чиқди


30 июнь куни 30 га яқин аёл Нур-Султон ҳокимиятига келиб пойтахт ҳокими билан учрашувни талаб қилдилар, ҳамда пандемия даврида дорихоналарда дори, жумладан оғриқ қолдируви воситалар етишмаслигидан ўз норозиликларини билдирдилар.

Келганлардан бири Айжамал Сариеванинг айтишича, жисмоний имконияти чекланган эрига ҳароратни туширувчи таблетка сотиб ололмапти.

—Сауран ва Олмаота кўчаларидаги бир нечта дорихонага бордим. Оддий «Парацетамол» ва «Аспирин» каби дориларни қидирдим. Расмийлар ёлғон маълумот беради, биз ҳақиқат излаб ҳокимиятга келдик. Улар карантин жорий этилишини билишарди, нима учун етарли миқдорда дори сотиб олишмаган? — дея савол беради аёл.

Норозилик намойишининг бошқа бир иштирокчиси Назира Мукашеванинг сўзларига қараганда, шаҳарликлар нафақат дори етишмовчилиги билан тўқнаш келган, балки дориларнинг нархи кўтарилишига ҳам гувоҳ бўлишмоқда.

— 22та дорихонадан «Парацетамол» қидириб, уни 23-сидан топдим. Ниқоблар йўқ. Бўлса ҳам минг тенгедан сотишмоқда. Дорилар қимматлашди. Оддий одамлар бемор бўлиб қолса нима қилишларни керак? — дея савол беради Мукашева.

Аёлларнинг баёнотига қараганда, пандемия вақтида даромадлари пасайиб кетибди, уй ижараси ва озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш учун маблағ етишмаяпти. Улар пойтахт ҳокими Алтай Кульгиновга мурожаат қилиб ўз олдиларига чиқишга чақирдилар ва ҳокимият олдидаги майдонда: «Кульгинов, чиқ!» дея бақирдилар.

Бинодан ҳеч ким чиқмади. Аёллар ҳокимият биноси олдига яқинлашдилар, ҳамда ёпиқ эшикларни тақиллатишди. Ҳокимият аппарати раҳбарининг ўринбосари Нурлибек Женисбек ҳодиса жойига келди — у бинодан чиқмади, балки кўча томондан келди. Амалдор тўпланганларнинг исми -шарифини ёзиб олди, ҳамда уларни ҳоким қабули рўйхатига киритиб қўйишга ваъда берди. Шундан кейин аёллар тарқалдилар.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 30 май куни дори-дармонлар етишмаётганини тан олди. У мамлакатда тез тиббий ёрдам бригадалари, койкалар фонди ва дори воситалари ва тиббиёт-санитар ёрдам базавий хизматида тақчиллик мавжудлигини айтди. Цой дори-дармонларни сотиб олиш ва етказиб бериш ҳукумат олдидаги биринчи даражали вазифалардан бири эканлигини таъкидлади.

Қозоғистонда карантин юмшатилганидан кейин коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари кўпайиб кетди. Беморлар сони 40 мингга яқинлашиб қолди, расмий маълумотларга кўра, 188 киши вафот этди. Нур-Султонда беш мингдан ортиқ касал ва 61 та ўлим ҳолати қайд қилинди.

XS
SM
MD
LG