Ўтган ойда Рушан аҳолиси Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг туман бўлими ходимлари томонидан махсус амалиёт ўтказилишига қаршилик кўрсатгани учун маҳаллий аҳоли вакилларининг ҳибсга олинишига қарши икки марта норозилик намойишига чиқди.
МХДҚ маҳаллий бўлими ходимлари Уюшган жиноий гуруҳ раҳбари ва наркоконтрабандист ҳисобланувчи 44 ёшли Шароф Қобиловни ҳибсга олиш мақсадида махсус амалиёт ўтказганидан сўнг Рушан тумани аҳолиси ўртасида қарама-қаршиликлар юзага келди. Амалиёт мобайнида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маҳалий бўлими раҳбари жароҳат олди.
29 июн куни Тожикистон ИИВ ўзининг расмий сайтида 1 май куни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан наркоконтрабандистлар – Рушан туманида истиқомат қилувчи аввал судланган фуқаролар Шароф Қобилов ва Фирдавс Гадомамадов ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
«Тожикистон МХДҚнинг ТБМВ Бошқармаси томониданШароф Қобиловга нисбатан ТР Жиноят Кодексининг 200 моддаси, 3 қисми “г” банди, 289 моддаси, 3 қисми, 328 моддаси 2 қисми ва 335 моддасига 1 қўшимча 2 қисми “Д” пункти ҳамда Фирдавс Гадомамадовга нисбатан 200 модда, 3 қисми “г” банди ва 289 модда 3 қисми бўйича жиноий иш очди ва кўриб чиқиш учун ТБМВ судига юборди», дейилади ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида. Ҳибсга олинганлар узоқ муддат қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.
Суд жараёни қачон бошланиши ва ҳибсга олинганлар адвокатлар билан таъминланиши билан боғлиқ масала номаълумлигича қолмоқда. Ҳибсга олинганларни сўроқ қилиш деталлари ошкор қилинмаган.
Тожикистон ИИВ маҳаллий наркоконтрабандистларни қўллаб-қувватлаган «тумандаги уюшган жиноий гуруҳ билан алоқаси бўлган маълумотсиз ва ўз йўлини топмаган бир гуруҳ ёшлар» жазога тортилганини маълум қилди. Таъкидланишича, Рушан туманида яшовчи Ёдгор Ғуломайдаров, Ҳабиб Мавлододов ва Илчибек Бахтибеков тумансудининг қарорига кўра Тожикистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқ бузишлар Кодексининг 460 моддасига биноан 5 кундан 15 кунгача маъмурий ҳибсга олинди. Улар «аҳоли хотиржамлигини бузиб, майда безорлик қилиб» ҳуқуқ тартибот идораси ходимларининг ишига тўсқинлик қилишди, дейилади ИИВ баёнотида.
Аввалроқ Рушан тумани аҳолиси Радио Озоди билан суҳбатда «бу айбсиз фуқаролар» қийноқлар остида ўзларини туҳматга қўйишлари мумкинлигини айтишган эди. «Улар ноҳақ узоқ муддат озодликдан маҳрум этилишлари мумкин», дея таъкидлашди суҳбатдошлар.
Тожикистон ИИВнинг хабар қилишича, Рушан туманида истиқомат қилувчи Ғарибшо Ғарибшоев, Дарзу Бодуров, Азамат Хушназаров, Муҳаммад Мазабшоев ва Аъзамжон Фародбековнинг ҳар бири«майда безорилик» учун 406 сомони (40 доллар) миқдорда жаримага тортилди. «Юқорида номи қайд этилганларнинг ҳаммаси ўзларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини тан олишди ва қилган ишларига пушаймон эканликларини айтишди. Жиноятчилар томонидан етказилган барча зарар улар томонидан тўлалигича қопланди», дейилади хабарда.
Радио Озоди манбаларининг хабарига қараганда, Рушан туман аҳолиси ва куч ишлатиш салоҳиятига эга идора ходимлари ўртасидаги тўқнашув МХДҚ маҳаллий бўлими томонидан Уюшган жиноий гуруҳ раҳбари ва наркоконтрабандист ҳисобланувчи 44 ёшли Шароф Қобиловни ҳибсга олиш мақсадида махсус амалиёт ўтказганидан сўнг бошланди. Миллий«Ховар» ахборот агентлигининг хабар қилишича, махсус амалиёт вақтида Шароф Қобилов пичоқ билан МХДҚ туман бўлими бошлиғи Самариддин Чуяновга ҳужум қилди ва яралади. МХДҚ туман бўлими бошлиғи шифохонага ётқизилди.
Қобилов ҳибсга олинганидан сўнг миллий хавфсизлик ходимлари махсус амалиётга қаршилик кўрсатганларни қидиришга тушиб кетди. Тожикистон ҳуқуқ тартибот идораларига яқин манбанинг Радио Озодига маълум қилишича, гумондорлар орасида Бирлашган Тожик мухолифатининг собиқ аъзоси Ёдгор Ғуломхайдаров ҳам бор. Бу маълумотни маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам тасдиқлади. Хабарларга кўра, рушанликлар Ғуломхайдаровнинг ҳибсга олинишига ҳар томонлама қаршилик кўрсатган: улар собиқ мухолифатчи қийноққа солинишидан хавотир олмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, Ёдгор Ғуломхайдаров 22 май куни куч ишлатиш салоҳиятига эга идора ходимларига икки нафар ўсмирнинг қўлга олинишига имкон бермаган. Аммо эртаси куни милиция ходимлари Ғуломхайдаровнинг машинасини Рушандаги “Оқ кўприк”да тўхтатган ва йўловчилари билан бирга ҳибсга олган. Ғуломхайдаровнинг ҳибсга олингани тўғрисидаги хабар маҳаллий аҳолини жунбушга келтирди. Улар ўша куни уни МХДҚ маҳаллий бўлими биносидан чегара заставасига олиб кетишаётганда қутқариб олдилар.
ТБМВ раҳбари Ёдгор Файзов 1 июн куни Рушан тумани аҳолиси билан учрашувда маҳаллий аҳоли вакиллари ва куч ишлатиш салоҳиятига эга идора ходимлари ўртасидаги мажорони бартараф этишга шахсан ўзи аралашишини ваъда берди.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳибсга олинган Шароф Қобилов ва Фирдавс Гадомамадов аввал судланган ва ҳеч қаерда ишламаётган эди. Сўнгги йилларда улар Афғонистондан Тожикистонга гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланиб келган, дея таъкидлайди тожик куч ишлатиш салоҳиятига эга идора вакиллари.