Ссылки доступа

Президент: Тергов сифати ёмон. Суд ва прокурорнинг протест ҳуқуқи бекор қилинади


Ўзбекистонда тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 июнда ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлади.

Президентга кўра, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган.

Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.

Президентнинг айтишича, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган. Лекин ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган.

“Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди”, -дейилади расмий маълумотда.

Йиғилишда таъкидланишича, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, президент “Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилиши” ҳақида гапирган.

“Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади”, -дейилади хабарда.

XS
SM
MD
LG