Ссылки доступа

Бердимуҳамедовнинг набираси «миллий санъат ривожига қўшган ҳиссаси» учун президент мукофотини ва $1000 олди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг набираси Керимгули парламент қарорига биноан президентнинг "Tуркмен Алтын асыры" мукофотини олди, дея ёзди "Туркменпортал". Бу мукофот танлови адабиёт, маданият ва санъат намоёндалари, ёш хонандалар ва истеъдодли болалар ўртасида ўтказилади.

«Миллий санъатни ўзининг янги асарлари билан бойитгани, байрам тадбирларида муваффақиятли чиқишлари» муносабати билан Керимгули Бердимуҳамедов олтин занжир ва 3500 манат (1000 доллар)билан тақдирланди.

"Tуркмен Алтын асыры" мукофоти учун йиллик танлов мамлакат мустақиллик куни муносабати билан «қобилиятли ва истеъдодли ижодий ходимларни танлаш ва кашф қилиш» мақсадида ўтказилади.

Керимгули Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг энг машҳур набираси ҳисобланади. У буваси ёзган шеър матнларига мусиқа басталайди, ҳамда улар бир неча бор биргаликда турли тадбирларда чиқиш қилишган. 2019 йил декабрида улар янги аранжировкадаги "Қорақум" қўшиғини биргаликда ижро этишди. Ўша йилнинг апрелида Ахалтака отларига бағишланган Миллий байрамда улар Ровач ҳақида биргаликда қўшиқ куйладилар, бу қўшиқ мусиқасини Керимгули ёзган.

2019 йил сентябрида президент Бердимуҳамедовнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар фонида «меросхўр» операцияси ҳақида гапирила бошланди, гўёки унинг ўрнини тез орада ўғли – Сердар Бердимуҳамедов эгаллар экан, айни дамда у Саноат ва қурилиш вазири лавозимини эгаллаб турибди. Ўшанда политолог Аркадий Дубнов Бердимуҳаммедовларнинг учинчи авлоди– президент набираси Керимгулини кузатиб бориш лозимлигини айтган эди.

"Бир неча йил муқаддам Туркманистондаги турли тадбирларда иштирок этган юқори лавозимли бир амалдор шахсан менга шундай деган эди: "Сиз тассаввур қила олмайсиз: у ерда хорижликлар йўқ пайтда набира Керимгулининг туфлисини ўпишади". Бу хизматкорлар набира учун қасам ичишга тайёр. Болакай эса атиги саккиз-тўққиз ёшда. Мана шунақа гаплар", – деган эди политолог.

XS
SM
MD
LG