Ссылки доступа

Бишкекда коронавирус туфайли карантин кучайтирилди, беморлар олий таълим ётоқхоналарига жойлаштирилади


Бишкекда коронавирус туфайли карантин кучайтирилди: 1 июлдан тақиқлар ва чеклов чоралари жорий қилинди, дея хабар берди пойтахт мэри Азиз Суракматов.

Муниципалитет жамоат транспорти ва такси (оддий кунлари улар эрталабки 07:00 дан 10:00гача, кечқурун 17:00 дан 21:00гача, дам олиш кунлари транспорт ишламайди), кафе ва ресторанлар, дўкон ва бозорлар, парк ва хиёбонлар фаолиятини чеклади. Клуб ва барлар, шунингдек болаларнинг кўнгил очар масканлари, футбол майдонлари ва ўйин майдончаларининг иши тўхтатилди.

Бош вазир Кубатбек Боронов президент Сооронбай Жээнбеков билан учрашувда кун охирига қадар айрим ўқув муассасаларининг ётоқхоналари базасида 750 ўринли койка, ва пойтахт яқинидаги «Манас» аэропортида 400 ўрин жорий қилинишини маълум қилди.

Ҳукумат тиббиёт ходимлари етишмаслиги билан боғлиқ муаммони тиббиёт олий ўқув юртлари юқори курс талабалари ва ординатурасида таълим олаётганларни жалб қилиш орқали хал қилишни режалаштирмоқда.

Бу каби чоралар мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашгани туфайли ҳукумат томонидан қўлланилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда коронавирус эпидемияси бошланганидан бери 5735 киши касалликка чалинган, 62 киши вафот этди. Сўнгги кунда эпидемия давридан бери рекорд даражада – 439 кишининг касалликка чалингани қайд қилинди, бу апрель ва майда қайд қилинган ўртача кунлик рақамлардан салкам ўн баробар кўпдир.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1 июл куни хабар қилишича, Бишкекда зотилжам касаллиги билан 746 киши шифохонага ётқизилди. Аввалроқ Фавқулотда тиббиёт маркази бош шифокори Искендер Шаяхметов шифохоналарда ўринлар етишмаслиги боис зотилжамга чалинган беморларни шифохонага ётқизиш билан боғлиқ муммолар, шунингдек, ИВЛ аппаратлари ва тиббиёт ходимлари етишмаслиги борасида маълумот берган эди.

Зотилжам туфайли вафот этаётганлар соннинг ошиб бораётани ҳақида Қирғизистон суд тиббиёт экспертизаси Республика маркази мутахассиси Айнура Асилбекова хабар берди. Унинг сўзларига қараганда, агар авваллари бир кунда ўртача судмедэксперт шифокорлари 10-15 та чақирувга борган бўлса, эндиликда 25-30 тагача чиқди. "Одамлар уйда зотилжамдан вафот этмоқда", – дейди мутахассис.

Қирғизистоннинг айрим шаҳар ва туманларида фавқулотда вазият режими амал қилади, мамлакатда Фавқулотда ҳолат режими 11 майдан амал қилишни тўхтатди, ўшанда бир қатор чекловлар олиб ташланди. 30 июн куни парламент мажлисида президент Жээнбеков мамлакатда ҳозирча кескин чекловлар ва Фавқулотда ҳолат жорий қилинмаслигини айтган эди.

XS
SM
MD
LG