Ссылки доступа

Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасида юзлаб тожикистонликлар тўпланиб қолди


Тожикистоннинг юзлаб фуқаролари Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарасидаги «Жибек Жоли» Назорат ўтиш пункти яқинда тўпланиб қолди. Мигрантлар коронавирус пандемияси сабабли Қозоғистон ва Ўзбекистон чегараси ёпиқлиги туфайли уйларига кета олмаяпти.

Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси Туркистон вилоятидаги Назорат ўтиш пункти яқинда жойлашган автовокзалга тожикистонликларнинг янги гуруҳи келганини тасдиқлади.

Элчихонанинг хабар беришича, 1 июл куни бир неча ҳафта автовокзалда бўлган «тахминан 100 киши», асосан кексалар ва болалар уйга жўнатилди.

Айрим тожик мигрантларининг Радио Озодига маълум қилишларича, улар Тожикистон элчихонаси ходимлари ёрдами билан Олмаотадан чегарадаги Назорат ўтиш пунктига олиб борилган.

— Биз бу ерга еттита автобусда тунги 12га яқин келдик. «Жибек Жоли»да тахминан 300 га яқин юртдошимиз бор экан. Бизга Тожикистон чегарасигача етказиб қўйишларини айтишган эди. Аммо бизни назорат ўтиш пунктигача олиб келишди ва тақдир ҳукмига ташлаб қўйишди. Биз нима қилишни билмаймиз, — дейди радио Озодига тожикистонлик Илҳом Бобиев.

19 июн куни Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) АҚШ, Норвегия ва ЮНИСЕФнинг молиявий кўмаги билан 635 нафар Тожикистон фуқаросини 14 та автобусда ватанларига етказиб қўйишга ҳисса қўшди. Мигрантларни Тожикистонгача етказиб қўйиш Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг ўзаро келишуви асосида амалга оширилди. ХМТ маълумотига кўра, қайтганларнинг25 фоизи 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар, жумладан Қозоғистон олий ўқув юртларида таҳсил олувчи юз нафар қиз ва ўсмир эди. Юртга етиб олганларнинг 15 фоизини хотин-қизлар ташкил қиларди.

Ўша вақтда юзлаб тожик мигрантлари Ўзбекистон транзит учун рухсат беришини кутиб Қозоғистон чегарасида яшадилар. Энди мигрантлар қанча кутиши аниқ эмас. Тожикистон дипломатларининг айтишларича, қолган фуқаролар «яқин икки-уч кунда ватанга қайтарилади».

XS
SM
MD
LG