Ссылки доступа

Туркманистон ЖССТ экспертларининг ташрифи арафасида COVID-19 га қарши кескин чораларни кўрмоқда


Пойтахтда бозорлар беркитилмоқда, жамоат жойларига ташриф буюрувчилардан дезинфекция чораларига риоя этиш сўралмоқда. Тиббиёт ходимлари ҳимоя воситалари билан ишламоқда. Мамлакат даволаш муассасаларида ҳашарлар уюштирилмоқда.

Туркманистондаги Азатлиқ мухбирларининг хабарларига қараганда, мамлакат расмийлари COVID-19 билан боғлиқ вазиятни ўрганиш учун келаётган ЖССТ экспертларининг ташрифига тайёргарлик кўрмоқда.

Туркманистоннинг шарқий минтақаси бўлмиш Лебап вилоятида COVID-19 бўйича ЖССТ вакилларининг ташрифига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. 2 июн куни Азатлиқ мухбирининг хабар қилишича, барча тиббиёт муассасаларининг ходимлари яқин атрофдаги ҳудудларни тозалаш ва ободонлаштириш мақсадида ташкиллаштирилган ҳашарларга жалб қилинган. Уларга халқаро экспертлар яқин кунларда келиши борасида айтишган.

Мамлакат раҳбарияти ва ЖССТ вакиллари миссиянинг ташрифи билан боғлиқ аниқ сана ҳақида ҳозирча маълумот бермади, фақат ташриф июл ойи бошларигакутилаётгани айтилди, холос.

2 июн куни Азатлиққа ЖССТ экспертларининг Туркманистонга ташрифининг тахминий санаси маълум бўлди. Туркманистон соғлиқни сақлаш тизимидагиАзатлиқнинг иккита мустақил манбасининг хабар беришича, ЖССТ экспертларининг Лебап вилоятига келиши 6 июлга белгиланган.

Бу вақтда Ашхабодда айрим йирик бозорлар беркитилди ва мусиқий концертлар бекор қилинди. Ашхабоддаги Азатлиқ мухбирларининг хабар қилишича, сўнгги икки кун мобайнида пойтахтдаги иккита йирик бозор санитария жиҳатдан беркитилди.

Сўнгги ҳафталарда ЖССТ тавсиясига биноан COVID-19 тарқалишига қарши чоралар фаоллашгани кўзга ташланмоқда. Пойтахтда спорт объектлари ёпилди ва минтақалар ўртасидаги ҳаракатлар чекланди. Айни дамда Ашхабоддаги барча жамоат жойларида қўлларни ювиш учун замонавий антисептикларни учратиш мумкин.

ЖССТ экспертларининг узоқ кутилган ва июль бошларига белгиланган COVID-19 бўйича ташрифи мамлакатдаги реал вазиятга ойдинлик киритади. Мамлакатда COVID-19 аломатлари бўлган ўткир зотилжамга чалиниш ҳолатлари давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG