Ссылки доступа

Тожикистон расмийлари йил охирига қадар тарифлар оширилмаслигига ваъда берди


Тожикистон расмийларининг ваъда беришларича, электроэнергия, сув, алоқа ва коммунал хизматлар учун тарифлар йил охирига қадар оширилмайди.

Тожикистон Адлия вазирлиги 2 июл куни Тожикистон президентининг «COVID-19 юқумли касаллигининг Тожикистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий соҳасига таъсирини бартараф этиш тўғрисида»ги фармонининг матнини эълон қилди. Унда таъкидланишича, “корхоналарнинг ишлаб чиқариш ҳаражатларини камайтириш, мамлакатда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар баҳоси, аҳолига пуллик хизматлар нархи ва инфляция даражаси кўтарилмасиги мақсадида” электроэнергия, сув, ирригация, алоқа ва коммунал хизматлар тарифларини кўтариш масаласини кўриб чиқиш 2020 йил охирига қадар қолдирилади.

Хизматлар, айниқса электрэнергия учун тарифларнинг оширилиши аҳолининг катта қисми томонидан норозиликларни келтириб чиқаради. Расмийлар тарифларнинг оширилиши ҳаражатларни қоплаш учун зарурлигини айтади.

Президент фармонига кўра, аҳолининг муҳтож қатламига, жумладан 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан уруши иштирокчиларига, ижтимоий пенсия олувчиларга, ногиронларга, етимларга, қаровсиз болаларга, кам таъминланган оилаларга, меҳнат мигрантларининг оилаларига, боқувчисини йўқотганларга энг кам иш ҳақи (400 сомони ёки $40) миқдорида бюджетдан ташқари ва давлат бюджетининг заҳира маблағлари ҳисобидан бир марталик ёрдам кўрсатилади.

Тожикистон раҳбари COVID-19 туфайли тиббиёт назоратида бўлган фуқароларни меҳнатга қобилиятсизлик варақалари билан таъминлаш ва товон тўлаш юзасидан топшириқ берди. Тиббиёт кўригида бўлган ва коронавирус инфекциясига чалинган фуқароларга ёрдам “бюджетдан ташқари ва давлат маблағлари ҳисобидан” беғараз кўрсатилади. Аввалроқ, COVID-19 чалинганлар ва уларнинг қариндошлари мамлакат тиббиёт муассасаларида тўлалигича ўз ҳисобларидан даволанганликларини айтишган эди.

Фармонда таъкидланишича, COVID-19 туфайли ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари 2020 йилнинг 1 майидан 1 августига қадар давлат мулкида ижара тўлашдан бутунлай озод қилинади. Тожикистон парламентининг қуйи палатаси 24 июн куни ҳукуматининг COVID-19 юқумли касаллигининг Тожикистон ижтимоий-иқтисодий соҳасига таъсирини бартараф этиш мақсадида аҳолига, кичик ва ўрта бизнесга имтиёзлар бериш борасидаги таклифини тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG