Ссылки доступа

Қозоғистон биринчи президенти Назарбоевга Нур-Султонда ҳайкал ўрнатилди


Нур-Султондаги Миллий мудофаа университетида Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг монументи очилди, дея хабар беради мамлакат президенти расмий сайтида.

Қасим-Жомарт Тоқаев очилиш маросимида онлайн режимида иштирок этди. Унинг айтишича, Миллий мудофаа университетида ҳайкал ўрнатилиши "чуқур рамзий аҳамият касб этади", чунки Қозоғистон Қуролли Кучлари айнан мамлакат мудофаа қобилиятининг мустаҳкамланишга катта эътибор қаратиб келган Назарбоев фармони билан ташкил этилган.

Тоқаев мамлакатнинг “стратегик йўлини белгилаб берган” ва “халқни жипслаштирган” Назарбоевни замонавий Қозоғистон асосчиси дея таърифлади.

"Тинчлик ва барқарорлик, фаровонлик ва бирлик – бу Елбаси сиёсати самарасидир. Ҳар бир давлат тарихида ўзидан беқиёс из қолдирган ноёб шахслар бўлади. Ўсиб келаётган авлод олдидаги бурч - уларнинг хизматларини қадрлаш ва ҳурмат қилишдан иборат", – деди президент.

Назарбоев ҳурмати учун Қозоғистон пойтахти Астананинг номи Нур-Султон дея ўзгартирилди. Шунингдек ҳукумат қарорига биноан Нур-Султон ҳалқаро аэропорти қайта номланди ва Павлодар, Қарағанда, Ақтау, Чимкент, Петропавловск, Атирау, Уральск ва Усть-Каменогорскдаги марказий кўчалар сиёсатчининг номи билан атала бошланди. ​Аввалроқ эса собиқ президент номи Олмаотадаги марказий кўчалардан бирига берилган эди. Назарбоевга Қозоғистонда бир нечта ҳайкал ўрнатилган, унинг портрети йирик купюраларда пайдо бўлди.

2019 йил сентябрда "Роскосмос" "Союз-6" ва "Союз-5" ракета элтувчилари парвоз қиладиган Байқўнғирда қурилаётган Россия ракета-космик комплексини Назарбоев номи билан атади.

Қозоғистонни салкам 30 йил бошқарган собиқ президент Назарабоев келаси ҳафта 80 ёшга тўлади. Сўнгги ойларда у омма олдида кўринмаяпти. Учинчи июл куни унинг коронавирусдан соғайиб кетгани маълум қилинди. У "Нур Отан" партиясини бошқаради ва нуфузли Хавфсизлик Кенгашига раислик қилади. Парламент томонидан унга берилган "елбасы" ("миллат лидери") титули ҳар қандай таъқиблардан ҳимояланиш иммунитетини беради.

Назарбоевнинг рақибларнинг айтишларича, у меросхўри - президент Қасим-Жомарт Тоқев ҳаракатларини назорат қилган ҳолда ҳамон мамлакатни бошқаришда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG