Ссылки доступа

Мажбурий карантинда ушлаб турилган “Адабиёт” газетаси муҳарририда коронавирус аниқланган


Ўзбекистонда "Ҳақиқат ва тараққиёт"социал-демократик партиясини тузиш ташаббускорлардан бири, "Адабиёт" газетаси бош муҳаррири, 61 ёшли Бахтиёр Каримда коронавирус аниқланган.

"Адабиёт" газетаси бош муҳаррири, 61 ёшли Бахтиёр Карим карантинга олинганидан бир ой ўтиб, 3 июль куни унда коронавирус аниқланган.

Бу хабарни журналистнинг ўзи 4 июль куни Озодликка тасдиқлади: Кеча айтишди коронавирус аниқланди деб. Бир кун аввал анализ олиб кетишганди. Ҳозир мени карантин зонасидан ТошМИга ўтказишди. Аҳволим қониқарли, нафас бўғилиши йўқ, ҳозирча, - дейди Бахтиёр Карим.

6 июнь куни ўғлининг ишхонасидан коронавирус чиққанидан сўнг Бахтиёр Каримни оилавий равишда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманининг Ўртасарой қишлоғида қурилган карантин жамлоғига олиб кетишганди.

Лагерга ётқизилганидан 11 кун ўтгач, 17 июнда уни оиласидан ажратиб, Тошкентнинг Нукус кўчасидаги вақтинча Covid-карантин лагерига айлантирилган Тери, таносил касалликлари клиникасига жойлаштиришди.

Бахтиёр Карим 26 июнь куни "сиёсий мақсадларда" карантинда ушлаб турилгани, карантин давомида касаллик юқтиришидан хавотирда эканини айтганди.

- Хавотир бор эди ва хавотирларим тўғри чиқди. Бу ерда соғ одам касал бўлиб чиқиши мумкин, дегандим. Бир ойлик карантин даврида беш марта анализ топширдим. Ҳаммаси манфий чиққан, оҳиргиси мусбат чиқди. Демак, касалликни карантин пайти юқтирганман, - дейди Бахтиёр Карим.

Бахтиёр Карим янги ташкил қилинаётган “Ҳақиқат ва тараққиёт” партиясида координатор экани, ташкилий масалаларда партия билан боғлиқ аксар сўзлашмаларни ўзи олиб боришини айтган.

Янги партия тузиш ташаббусчиларидан яна бири, иқтисодчи олим Хидирназар Аллақулов 26 июнь куни Бахтиёр Каримнинг карантинда муддатидан ортиқ ушлаб турилиши унинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ, деган фикрни билдирганди.

“Албатта сиёсий сабаб бор. Чунки биз шу кунда вилоятларда, туманларда партиянинг ташкилий гуруҳларини шакллантириш устида иш олиб боряпмиз. Янги партиянинг ташаббусчилар гуруҳи аъзоси Бахтиёр Карим бизнинг мувофиқлаштирувчимиз, телефон марказимиз эди. Шундай деб эълон қилганмиз ва партияга қизиққанлар ҳаммаси билан алоқани у қилиши керак эди”.

Бахтиёр Карим муҳаррирлик қилаётган “Адабиёт” газетаси ташкил топганига шу кунларда уч йил тўлди. Газетхонлар фикрича, "Адабиёт" ҳур фикр минбарига айланишга улгурди. Газета расмий матбуот ҳатто номини тилга олишга қўрқадиган муаллифлардан буюртма асосида таҳлилий мақолалар қабул қилиб чоп эта бошлади.

“Албатта, бу юқорига ёқмасди, айниқса Хайриддин Султон жанобларига. Шунинг учун улар 2018 йили газетанинг бир сонини мусодара қилдилар. Тошкент босмахоналари шартнома тузмай қўйгач, ноилож вилоятларга бориб газетани чоп этишга мажбур бўляпман”, деди Бахтиёр Карим.

XS
SM
MD
LG