Ссылки доступа

Мирзиёев тижорат банклари фаолиятини танқид қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда банклар трансформацияси жараёнини фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади.

Бу ҳақда Ш. Мирзиёев 6 июль куни 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда мамлакат тижорат банкларининг трансформация жараёнини жадаллаштириш бўйича ўтказган йиғилишда билдирган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ш. Мирзиёев йиғилиш чоғида ҳозирда 6 та тижорат банки – “Ипотекабанк”, “Саноатқурилишбанк”, “Туронбанк”, “Асакабанк”, “Алоқабанк” ва “Агробанк” молиявий диагностика, истиқболли стратегияларни ишлаб чиқиш ва хусусийлаштириш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни бошлаганини қайд этган.

“Бироқ бошқа банкларни трансформация қилиш ишлари етарли даражада фаол олиб борилмаяпти”, деган президент.

Бу камчиликни бартараф этиш учун Ш. Мирзиёев банклар фаолиятига хос бўлмаган функцияларни хатловдан ўтказиш, Марказий банк ҳузуридаги Қайта тайёрлаш корпоратив марказида аввало жойлардаги банк ходимлари учун банклар трансформациясини тушунтириш бўйича ўқув дастурларини ташкил этиш ҳақида топшириқ берган.

Йиғилишда банк тизимида коррупцияга барҳам бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Президентга кўра, барча тижорат банклари раислари коррупцияга чек қўйиш, комплаенс-назорат каби таъсирчан механизмларни жорий қилиш бўйича қатъий чоралар кўришлари лозим.

Ш. Мирзиёев йиғилишда давлат активлари бор тижорат банкларида ҳукуматдан олинган маблағлар ҳиссаси ҳамон юқорилигини ҳам танқид қилган.

Унга кўра, бундай кредитлар улуши Қишлоқ қурилиш банкда 41 фоизни, Ипотека банкда 32 фоизни ташкил этади. Ўтган йили банкларга давлат кафолати остида қарийб 600 миллион долларлик кредит линиялари жалб қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 570 миллион долларни ташкил қилади. Шу билан бир қаторда, аҳолининг жамғарма ва муддатли депозитлари улуши йирик банкларда ўртача 5 фоизни ташкил этади, холос. Шу муносабат билан президент Марказий банкка тижорат банкларига аҳоли омонатларини жалб этиш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқишни топширган.

Ш. Мирзиёев банклар молиявий ресурсларни давлат ёрдами ва кўмагисиз, мустақил жалб қилишлари зарурлигини урғулаган.

XS
SM
MD
LG